Ўзбекистонда йил бошидан бери салкам 1964 киши йўл-транспорт ҳодисалари қурбони бўлди.  Каттагина қишлоқ, ўртача аҳоли пункти тўлиғича қирилиб кетганига тенг бу. Яна деярли ҳаммаси соғлом, ўлимни тасаввур ҳам қилмай кўчага чиққан инсонлар эканлиги аниқ. Энг даҳшатлиси – уларнинг аксарияти болалар, ота-онанинг қалбида абадий оғриққа айланган фаришталар.

Ҳар йили ноябрь ойининг учинчи якшанбаси «Бутунжаҳон йўл-транспорт ҳодисалари қурбонларини хотирлаш куни» сифатида нишонланади. Вазият ўта жиддийлигидан шундай алоҳида сана ҳам қайд этилган.

Куни кеча бу сана Ўзбекистонда ҳам илк бор эслаб ўтилди, ўтганлар ёдга олинди.

Бизда ҳозир парадоксал вазият юзага келган:

1. Ҳайдовчиларнинг бир-бирига ҳурмати борган сари камаяётган;

2. Пиёдалар ҳатто пиёдалар йўлагида ҳам қўрқиб, кўзлари олазарак бўлиб, югуриб ўтадиган;

3. Рулни бошқарган одам борки асабий, фақат ўзи ақлли, қолган барча аҳмоқ ҳисобланадиган;

4. Тезлик фақат радар бор жойда тушириладиган (ҳайдовчиларнинг аксарияти “антирадар” мосламаси билан жиҳозланиб олишгани бунга яққол мисол);

5. Умуман, «ГАИ»га тушмаслик учунгина қоида бузилмайдиган давлатга айланиб қолдик.

Автомобилини ажал қуролига айланиб учираётганларнинг ҳеч бири кимнидир уриб кетгани ва ҳаётига зомин бўлгани учун жиддий жазога тортилмайди. Қонуний изоҳ битта – қасддан содир этилган қотиллик эмас. Ўзбекона одамгарчилик ҳам бор – «Одам ўлдираман деб кўчага чиқмаган-ку?!».

Лекин қачонгача катталарнинг айби учун болалар, уловлилар учун пиёдалар, қоидага риоя қилиб кетаётган ҳайдовчи «права»ни сотиб олган ва ошнасидан ҳайдашни ўрганган «шўпир» учун ўз жонини қурбон қилиб жавоб бериши керак?

Аҳволимиз шундайки, на қолоқ давлатлар сингари издан чиқиб кетаётган вазиятни тан оламиз, на ривожланган давлатлар каби ўлимлар сонини камайтириш ва ҳатто бутунлай йўққа чиқаришга интиламиз. Доимий баҳонамиз тайин – «Автомобиллар кун сайин кўпайиб бормоқда, ҳайдовчилик маданиятимиз паст, инфратузилмалар устида ишлашимиз керак...».

Шаҳарларни тўла-тўкис автомобиллар ихтиёрига топшириб бўлдик. На пиёда учун имконият қолдирдик, на жамоат транспорти учун. Бутун жаҳон кенгайтириб бораётган велосипед йўлаклари ҳақидаги лойиҳаларимиз эса гапдан нарига ўтмади, бажарилгани ҳам шу даражада нўноқки, ҳеч ким ундан фойдаланмайди.