Ўзбекистонда йил бошидан бери салкам 1964 киши йўл транспорт ҳодисалари қурбони бўлди. Яна 6886 киши жароҳатланди. Бу қанчалик фожиали рақамлар эканини тушуниш учун битта рақамга эътиборингизни қаратамиз: Ўзбекистонда ЙТҲларнинг ўлим билан тугаш эҳтимоли Қозоғистондагига қараганда 67 фоизга, АҚШдагига қараганда 620 фоизга кўпроқ.

Бироқ афсуски, бир томондан минглаб одамлар қоидабузарларни видеога олиб жўнатишни “козёллик” деб ҳисобласа, иккинчи томондан давлат ҳам бу ўлимларнинг олдини олишга шошилмаяпти.

Масалан, йўл ҳаракати қоидабузарликларини жарима баллари асосида баҳолашни олсак. Бу тизимга ўтилиши ҳақида бундан икки ярим йил олдин қарор лойиҳаси чиққан эди. Ўшанда 2020 йил 1 январдан бошлаб янги тизимга ўтилиши режалаштирилганди. Ва бу режалигича қолиб кетди.

Шу ҳафта эса ана ўша лойиҳа бироз ўзгартирилган ҳолда қайтадан муҳокамага қўйилди. Лойиҳада 2023 йил деб муддат қўйилган. Демак, қоидабузар ҳайдовчиларни тиядиган тизим ишга тушгунча йўлларда яна камида 2 мингта одам ўлади.

Бу ўзи қанақа тизим деётган бўлсангиз керак.

Эсингиздами, Олмалиқ шаҳри ҳокимининг ўғли Tracker машинасини Тошкентда 150 км/соат тезликда ҳайдаб, буни TikTok'га жойлаганди. Ўшандан кейин у икки йил ичида нақ 16 марта қоида бузгани маълум бўлган эди.

Тошкентда куппа-кундузи 150 км/соатда ҳайдаш, 2 йил ичида 16 марта қоида бузиш... Бундайлар жаримани тўлаб қўйиб, ҳеч нарса бўлмагандек яна рулга ўтиравериши мумкин.

Биз юқорида нега кечикяпти деган тизим айнан шундай потенциал қотилларга қарши ишлайди.

Яъни, тизим ишга тушса, ҳар бир ҳайдовчига 1 йил учун 12 жарима балли лимит берилади. Ҳар бир қоидабузарликка оғирлигига қараб балл белгилаб чиқилади. Масалан, светофорнинг қизил чироғидан ўтиб кетиш 3 балл ва ҳоказо. Ҳайдовчининг жарима баллари 1 йил ичида 12 баллга етса, у йил охиригача ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилади.

Фуқаро белгиланган муддат тугаганидан кейин ҳайдовчилик гувоҳномасини қайтариб олиш учун имтиҳон топширишга мажбур бўлади.