«Ғарбда ниҳоят кескинлик юзага келди. Бу кескинлик менга қолса, узоқроқ давом этсин, токи бизнинг ғарбий чегарамизда бизга керак бўлмаган можаролар бошлаш ҳақида ўйлаб ҳам кўришмасин», дейди Путин.
Шунингдек, Россия етакчиси мамлакат ғарбий чегарасининг нариги томонида ўзига нисбатан бирор можаро қилинмайдиган узоқ муддатли кафолатга эга бўлишни истайди. Бу борада Путин мамлакат ташқи ишлар вазири Сергей Лавровга топшириқ берган.
Унинг айтишича, бу Ғарб босиб ўтмаслиги керак бўлган «қизил чизиқ»нинг мустаҳкамланиши бўлади.
«Ҳамкорларимиз ҳам ажойиб. Улар «қизил чизиқ» ҳақида айтган гапларимизга жуда юзаки қарашмоқда», деди Путин. Унинг фикрича, Украина чегарада замонавий қуролларни жойлаштириш ва Қора денгизда провокацион ҳарбий ҳаракатларни амалга ошириш орқали «қизил чизиқ»ни босиб ўтган. «НАТО қирувчи самолётлари Россия чегарасидан 20 км узоқликдан учиб ўтяпти, бу энди чегарадан чиқиш», деди Путин.
Ахборот уруши
Октябрь ойи охирида Украина қуролли кучлари бош штаби Донбассда илк марта Туркиянинг учувчисиз «Байрактар» дронлари қўлланганини айтганди. Маълумот учун, Озарбойжон Қорабоғ учун жангларда айнан туркларнинг шу қуроли ёрдамида ғалаба қозонганди. Москва бу ҳаракатни Минск келишувига зид деб атади. Россия ТИВ буни Киевнинг Донбассни куч билан қайтиб олишга уриниши деб баҳолади.
Украина «Байрактар» ҳақида гап очгач, ОАВда Россия Украина билан чегарада қўшин тўплаётгани ҳақида хабарлар кўпайди. Washington Post Кремль Украинага нисбатан яна агрессив кайфиятда бўла бошлагач, чегарада вазият жиддийлашгани ҳақида ёзди. Мақолада Россиянинг Украина билан чегарасида содир бўлгани айтилган видеолар ҳам қўйилган. Бундай видеоларда танк, ракета каби оғир техникалар олиб кетилаётганини кўриш мумкин.
Бу ҳолатда расман жавоб берган Россия мудофаа вазирлиги мамлакатнинг Украина билан чегарасига қўшимча аскар ташлаш ёки қўшимча қурол юбориш ҳолатлари кузатилмаганини билдирди.
«Бу муҳокама қилишга ҳам арзийдиган ҳолат эмас. Ўзингиз кўрдингиз, видеода Украина билан чегара ҳақида гапиришган, лекин кадрда Беларусь билан чегара кўринган», деди Кремль расмий вакили Дмитрий Песков.
Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова бу видеоларни АҚШ ОАВи томонидан амалга оширилган провокация деб атади. АҚШ штаб қўмондонлари кенгаши раиси Марк Милли эса Вашингтон аввал ҳам Россия Украина билан чегарада қўшин тўплаётгани ҳақида маълумот олганини айтди. «Таъкидлаш жоиз, бу ҳаракатларда очиқ агрессивлик кўринмади», деган америкалик генерал.















