Қоидалар қуйидагиларни назарда тутади: қарор лойиҳасини "E-qaror" электрон тизими орқали ишлаб чиқишни ташкил этиш; қарор лойиҳасининг матнига ва тузилишига доир талаблар; қарор лойиҳасини юридик-техник жиҳатдан расмийлаштириш ва расмий эълон қилиш манбаларини кўрсатиш тартиби; қарорларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек уларни ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисидаги лойиҳаларни тайёрлашнинг ўзига хос хусусиятлари; қарор лойиҳасини манфаатдор органлар ва ташкилотлар билан келишиб олиш; маҳаллий давлат ҳокимияти органлари юридик хизмати томонидан қарор лойиҳасини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш; қарор лойиҳасининг ҳудудий адлия органларидаги ҳуқуқий экспертизаси.

Қоидалар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши томонидан қабул қилинадиган НҲҲлар лойиҳаларига нисбатан тавсиявий тусга эга. 

Қоидаларда қуйидаги тушунчалар келтирилган:

  • ҳуқуқий экспертиза - қарор лойиҳасининг Ўзбекистон конституцияси ва қонунларига, унга нисбатан юқорироқ юридик кучга эга бўлган бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, юридик-техник жиҳатдан расмийлаштиришнинг талабларига мувофиқлигини, шу жумладан қарор лойиҳасида ҳавола қилувчи нормалар қўлланилишининг асослилиги ҳамда мақсадга мувофиқлигини текшириш;
  • гендер-ҳуқуқий экспертиза - қарор лойиҳасини хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини таъминлаш принципларига мувофиқлиги юзасидан таҳлил қилиш;
  • коррупцияга қарши экспертиза - қарор лойиҳасида коррупциявий омилларни аниқлаш, аниқланган коррупциявий омилларни бартараф этишга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқиш ва чоралар кўришга йўналтирилган чора-тадбирлар мажмуи;
  • "E-qaror" электрон тизими - маҳаллий давлат ҳокимият органлари томонидан қабул қилинадиган қарор ва фармойиш лойиҳаларини ишлаб чиқиш, келишиш, юридик-техник жиҳатдан расмийлаштириш ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказишни таъминловчи электрон тизим ва бошқалар.

Қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш, келишиш, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, ҳудудий адлия органларида ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш "E-qaror" электрон тизими орқали амалга оширилади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органининг юридик хизмати қарор лойиҳасини тегишли ҳудудий адлия органига ҳуқуқий, гендер-ҳуқуқий ва коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш учун киритилишини таъминлайди. Қарор лойиҳаси маҳаллий давлат ҳокимияти органининг юридик хизмати томонидан НҲҲлар лойиҳалари муҳокамаси портали (regulation.gov.uz)га жамоатчилик муҳокамаси ўтказилиши учун жойлаштирилиши лозим.