Вазирлар Маҳкамасининг «Қорақалпоғистон Республикасида ихтисослаштирилган тиббий хизматларни янада ривожлантириш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Ҳудудда ихтисослаштирилган тиббий хизматлар қамровини янада кенгайтириш мақсадида қуйидаги чора-тадбирлар назарда тутилади:
- ҳудудда юрак-қон томир, ўткир ичак, буйрак, ўпка, онкологик ва бошқа турдаги касалликларни барвақт аниқлаш ва юқори технологик даволаш усулларини амалиётга татбиқ қилиш;
- республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларининг Қорақалпоғистон Республикаси филиалларига ташкилий-методик раҳбарлик қилиш, уларнинг амалиётига тиббий ёрдамнинг замонавий усуллари ва технологияларини жорий этиш, ушбу йўналишда сайёр маслаҳатлар, маҳорат дарслари ўтказиб бериш;
- республика тиббиёт муассасалари, шунингдек хусусий тиббиёт ташкилотлари ҳамда ННТларнинг малакали мутахассисларини Қорақалпоғистон Республикасига тизимли жалб қилиш чораларини кўриш.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:
- Қорақалпоғистон Республикасининг тиббиёт муассасаларида сифатли ихтисослаштирилган тиббий хизматлар кўрсатиш мақсадида бириктирилган республика тиббиёт муассасалари рўйхати;
- Қорақалпоғистон Республикасининг тиббиёт муассасаларида сифатли ихтисослаштирилган тиббий хизматлар кўрсатиш учун зарур бўлган асбоб-ускуналар рўйхати.
Малакали мутахассисларнинг темирйўл транспорти билан келиб-кетишига оид харажатлар давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.
















