Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида ички ишлар вазирлиги томонидан «Янги Ўзбекистон – янги ички ишлар органлари» шиори остида ўзига хос уч авлод учрашуви ўтказилди. Унда собиқ ички ишлар вазири, айни дамда ички ишлар академияси бошлиғи маслаҳатчиси вазифасида ишлаётган генерал-лейтенант Баҳодир Матлубов ҳам иштирок этди. Шунингдек, соҳада ўз номига эга бўлган яна бир неча нафар фахрийлар ўз тажрибаси билан бўлишди.


Нега уч авлод учрашуви?
Ички ишлар вазирлиги ёш ходимларнинг тажрибасини ошириш мақсадида барча вилоятларда уч авлод учрашуви шаклидаги ўзига хос мастер-классларни ўтказиб келмоқда. Унга кўра, биринчи авлод – ички ишлар тизимида самарали меҳнат қилган фахрий ходимлар, иккинчи авлод – айни дамда тизимда меҳнат қилаётган офицерлар, учинчи авлод – ИИВ қошидаги академик лицейларида таҳсил олаётган курсантлар.
Учрашувни Самарқанд вилоят ИИБ бошлиғи полковник Шавкат Раҳмонов бошлаб берди. У тадбирнинг асосий меҳмони бўлмиш собиқ ички ишлар вазири генерал-лейтенант Баҳодир Матлубовнинг фаолияти ҳақида ёш офицер ва курсантларга маълумот берди. Шундан сўнг, бирин-кетин фахрий ички ишлар ва прокуратура ходимлари сўз олишди.

Генерал-лейтенант Баҳодир Матлубов, 2006-2013 йилларда Ўзбекистон ички ишлар вазири: «Мен мана шу Самарқанд заминида туғилганман, шу ерда ўқиб, ишлаганман. Бу ердаги кўпчиликни анчадан буён кўрмагандим. Собиқ иттифоқ давридан буён ҳозиргача мамлакат тинчлиги учун имкон борича ишлаб келяпмиз. Тинчлик жамиятдаги энг асосий нарса. Бу залда ўтирган фахрийларнинг ҳар бири бир китоб қилиб ёзгулик ҳаёт кечирган.
Уч авлод учрашуви доирасида Қорақалпоғистондан бошлаб барча вилоятларда бўляпмиз. Ҳамма ерда таниб бўлмайдиган даражада ўзгаришлар бўляпти. Бухорода ишлаган вақтимда ҳамма кўчаларни топиб бора олардим, ҳозир эса таниб бўлмайди, шаҳар ўзгариб кетган. Яхши томонга, албатта. Бухорода кечки 18:00 дан кейин очиқ дўкон ёки ижтимоий бино топа олмасдингиз. Ҳозир тунда ҳам ҳаёт қайнаяпти. Самарқандда ҳам бунёдкорлик ишлари тўхтаб қолгани йўқ. Келаси ШҲТ саммити ўтиши ҳам бежиз эмас», деди Матлубов.






















