Ўзбекистон | 15:02 / 30.11.2021
4617
2 дақиқада ўқилади

Миришкорнинг собиқ сўконғич ҳокими раҳбарлик лавозимига тайинланди

Қашқадарё вилояти Миришкор туманининг собиқ ҳокими, йиғилишлардан бирида қўл остида ишловчилар ҳамда унда иштирок этган шахсларни ҳақорат қилгани учун ишдан олинган Бахтиёр Ражабов юқори лавозимга тайинланган.

Фото: Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълум бўлишича, Бахтиёр Ражабов Қашқадарё вилояти собиқ раҳбари Зоир Мирзаев лавозимидан кетишидан уч кун аввал Аму-Қашқадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи лавозимида иш бошлаган. Буни бошқарма матбуот хизмати раҳбари Дилшод Каромов Kun.uz’га тасдиқлади.

Унинг айтишича, Бахтиёр Ражабов 2021 йилнинг 16 ноябрь Аму-Қашқадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармасида иш бошлаган.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 2 март куни ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Миришкор тумани ҳокими Бахтиёр Ражабовга тегишли аудиоёзув тарқалди. Туман ҳокими йиғилиш ўтказгани ва унда қатнашганларни солиқ тушумларини ўз вақтида таъминламагани учун турли сўзлар билан ҳақоратлагани ва сўккани, шунингдек, баъзиларни ургани эшитилган.

Ўша пайтда мазкур ҳодиса юзасидан вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати муносабат билдирган ва унда овоз ҳақиқатан Бахтиёр Ражабовга тегишли экани тасдиқланганди.

Аудиоёзув тарқалгандан икки куни ўтиб, 4 март куни Халқ депутатлари Миришкор туман кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Бахтиёр Ражабов ишдан олинган. Сессияда нутқ сўзлаган вилоят ҳокими Зоир Мирзаев Бахтиёр Ражабовни халқ билан ҳисоблашмасликда айблаган.

Маълумот учун, Бахтиёр Ражабов 2018 йилгача Косон туманига раҳбарлик қилган, 2018 йилнинг декабрида ишдан олинган. Аммо 2019 йилнинг мартида у Қарши шаҳри ҳокими ўринбосари лавозимига тайинланган, кўп ўтмай вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарига айланган. 2019 йил октябрида вилоят ҳокими Зафар Рўзиев ишдан кетгач, унинг ўринбосарлари қаторида Бахтиёр Жўраев ҳам лавозимидан озод этилган ва Миришкор тумани ҳокими лавозимига тайинланган. Ўшанда Бахтиёр Ражабовга ва Хуррам Жўраевга Ўзбекистон президенти “сўнгги имкон” бераётгани таъкидланганди.

Мавзуга оид