Бугун Самарқанд вилоятидаги Ургут туманида фаолият олиб бораётган тадбиркорлар нафақат ўз музофотида етиштирилаётган, балки Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида пишиб етиладиган меваларни ҳам олиб келиб қуритмоқда. Сўнг уларни қайта ишлаб хориж давлатларига экспортга чиқармоқда.

Ана шундай тадбиркорлардан бири туманнинг Жайратепа маҳалласида яшовчи Азамат Қурбонов ҳисобланади. Қаҳрамонимиз яқинда иш бошлаган ёш тадбиркорлардан. Уни ўзбекистонликлар учун ҳали унча оммалашмаган маҳаллий хурмони қуритиш жараёнида учратдик.

Тадбиркорнинг айтишича, дарахтдан узилган хурмо аввал ювилади. Сўнг пўсти яхшилаб арчилади ва бандидан ипга боғлаб шамол тегадиган жойга илиб қўйилади. Ҳосилни дарахтдан териш пайтида банди узилиб кетган мевалар симтўр устига териб қуритилади. Агар майин шамол яхши эсиб турса ва ёғингарчилик бўлмаса, хурмо меваси 15 кунда, акс ҳолда узоғи билан 1 ойда қурийди.

«Маҳаллий хурмонинг қуритилганини илк марта бундан 15 йил аввал Тошкент бозорларидан бирида кўргандим. Ўшанда сотувчи у Москвадан келтирилганини ва маҳсулот Тожикистонники эканини айтганди. Ўшанда қуритилган хурмодан еб кўрганимда жуда ширин эди. Шундан сўнг уйга келиб ҳовлимиздаги хурмо дарахти мевасидан олиб, ипга боғлаб илиб қўйдим. Анча кунлар ўтди, аммо негадир хурмолар қуримади.

Бироз вақт ўтиб қарасам ипда фақат хурмо бандлари қолган, меваларнинг ўзи эса ерга тўкилган ҳолда ётарди. Ўшанда нега бунақа бўлганини тушунмадим. «Буни қуритишнинг бир сири бор экан-да», деб ўйладим ва бу ишга ортиқ қизиқмадим.

Орадан йиллар ўтиб хурмо қандай қуритилишини билиб олдим. Бу мева фақат устидаги қалин пўстлоғи арчиб олинсагина қуриркан. Акс ҳолда ичи юмшоқ бўлиб тураверар, кейинроқ эса қўл ҳам теккизиб бўлмайдиган даражага келиб қолар экан. Шу тариқа хурмони қуритишни бошладик», дейди Азамат Қурбонов.