Президент Шавкат Мирзиёев президент Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг таклифига биноан 5 декабрь куни давлат ташрифи билан Қозоғистон пойтахти Нур-Султон шаҳрига келди.

Нурсултон Назарбоев номидаги халқаро аэропортда олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди.
Ўзбекистон раҳбарини Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев кутиб олди. Икки мамлакат етакчиларининг қисқа суҳбати бўлиб ўтди.



Ташрифнинг асосий тадбирлари 6 декабрга мўлжалланган.

Олий даражадаги музокараларда сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодиёт ва транспорт-логистика соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш, маданий-гуманитар алоқаларни фаоллаштириш истиқболлари муҳокама қилиниши, минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилиши режалаштирилган.
Учрашув натижалари бўйича 20дан ортиқ ҳужжат имзоланиши кўзда тутилган.














