Қозоғистон пойтахтида Ўзбекистон элчихонасининг янги биноси очилди
Президент Шавкат Мирзиёев ва президент Қосим-Жўмарт Тўқаев рамзий боғични кесиб, янги бинони тантанали равишда очдилар.
Икки мамлакатнинг давлат мадҳиялари янгради.
Президентлар элчихонада яратилган шароитлар билан танишди.
Замонавий бино юртимиз қурувчилари томонидан барпо этилган. Хоналар миллий услубда безатилган.
Дипломатик ваколатхона ҳудудида асосий бино, консуллик бўлими, ходимлар учун уй, дипломатик миссия раҳбарининг қароргоҳи, болалар ва спорт майдончалари жойлашган.
Музокара хоналари, анжуманлар залида барча шароитлар мавжуд. Элчихонанинг ўз кутубхонаси ҳам бор.
Иш жараёнларини самарали ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилган, ахборот технологиялари кенг жорий қилинган. Бу ердаги интерфаол ускуналар музокараларни онлайн шаклда ўтказиш имконини беради. Консуллик фаолияти учун “электрон навбат” тизими ўрнатилган, бу ерга келувчилар маълумотларни интерфаол тарзда олиш имкониятига эга.
Алоҳида эҳтиёжли одамлар учун ҳам зарур шароитлар яратилган.
Бир сўз билан айтганда, янги элчихона биносида барчаси иш сифати ва самараси юқори бўлишига, қардош мамлакат билан шерикликни янада кенгайтиришга қаратилган.
Шавкат Мирзиёев ва Қосим-Жўмарт Тўқаев элчихонанинг Фахрий меҳмонлар китобида қайд ёзиб қолдирди.
“Ўзбекистон Республикасининг Қозоғистон Республикасидаги элчихонаси асосий вазифаси – икки қардош мамлакат ўртасидаги дўстлик ришталари, яхши қўшничилик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни ҳар томонлама кенгайтиришдан иборат.
Барча дипломатларга халқларимиз фаровонлиги йўлида Ўзбекистон-Қозоғистон ўртасидаги кўпқиррали шерикликни янада ривожлантиришга қаратилган фаолиятларига улкан муваффақиятлар тилайман”, дейилади Ўзбекистон президенти қолдирган қайдда.
“Қозоғистондаги янги элчихона муборак бўлсин! Бу икки қардош халқларнинг дўстлиги янада мустаҳкамланишининг ёрқин тимсоли. Элчиларга қозоқ-ўзбек халқлари ҳамкорлиги йўлидаги хизматларида омад тилайман”, дея ёзган Қозоғистон президенти.
Мавзуга оид
20:15 / 26.12.2024
Мирзиёев: ЕОИИ давлатлари фуқароларига ички ҳужжатлари билан Ўзбекистонга кириш имконини беришга тайёрмиз
21:19 / 21.12.2024
Тадбиркор президентдан шахсга доир ва банк маълумотларини Cloud'да сақлашга рухсат беришни сўради
20:49 / 21.12.2024
“Таннархни тушириш – кенгайиш, ҳажмни ошириш билан бўлади” — Зафар Ҳошимов
18:40 / 21.12.2024