Шу йилнинг 26 апрель куни Бош прокуратуранинг 33 яшар ходими Самир Раҳмонов вафот этган эди. Марҳумнинг отаси ўғлининг вояга етмаган фарзандлари боқувчисиз қолгани сабабли қонун ҳужжатларида белгиланган товон пули берилишини сўраб даставвал бош прокурор номига хат билан мурожаат қилганини, бироқ илтимоси бўйича рад жавобини олгач, Бош прокуратурани судга берганди.

Самир Раҳмоновнинг ўлими бўйича берилган расмий хабарларда унинг юрак касаллиги борлиги қайд этилган. Марҳумнинг отаси фарзанди прокуратура тизимига ишга кирганда соғлом бўлгани, касалликлар эса унинг сўнгги уч йилдаги фаолияти давомида орттирилганини, бунга Бош прокуратурадаги иш вақти тартибсизлиги сабаб бўлганини айтганди.

“Ҳужжатларда қайд этилишича, фарзандим клиникага олиб келинганидан сўнг, шифохонада қазо қилган. Мен Бош прокуратуранинг ушбу хатти-ҳаракатларидан қаттиқ норозиман. Чунки Самирбек клиникага олиб келинган вақтда далолатнома тузилган ва у 4 шифокор томонидан имзоланиб, бош шифокор муҳр билан тасдиқлаган. Ҳужжатда шифохонага Бош прокуратурадан ўғлимнинг жасади олиб келингани очиқ-ойдин ёзиб қўйилган. Яъни фарзандим шифохонага олиб келиш жараёнида ҳам эмас, балки Бош прокуратуранинг ўзида, иш вақтида, хизмат вазифасини бажараётган пайтида вафот этгани маълум бўлди.

Бош прокуратура ходимлари ИИВ Марказий поликлиникасида тиббий кўрикдан ўтади ва шу ерда рўйхатда туради. Ўғлимнинг тиббиёт дафтарчасини олиб ўрганганимда у юрак-қон томир касалликлари бўйича доимий рўйхатга олингани, бир неча марта касал бўлиб муолажа олгани, бироқ охиригача даволанмасдан ишхонага чақириб олинганидан хабар топдим. Ўғлимда бу касаллик сўнгги уч йилда – Бош прокуратуранинг марказий аппаратидаги фаолияти давомида пайдо бўлган. Бу маълумотларнинг ҳаммасини судга тақдим этганман”, – деган эди Аъзам Раҳмонов Kun.uz’га берган интервьюсида.

Даъвони кўриб чиққан фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судининг 2021 йил 17 сентябрдаги ҳал қилув қарори билан даъвогар – Аъзамжон Раҳмоновнинг жавобгар – Бош прокуратурага нисбатан фарзанди вафоти муносабати билан иш жойидан нафақа пули ҳамда маънавий зарар ундириш тўғрисидаги даъво ва қўшимча даъво аризалари рад қилинганди. Шундан сўнг даъвогар фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар судига ФИБ Миробод туманлараро судининг ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти киритади.

Тошкент шаҳар суди матбуот хизмати хабар беришича, апелляция шикоятини 2021 йил 12 ноябрь куни Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида кўриш бошланган ва 6 декабрь куни ишни кўриб чиқиш якунланган.