2019 йилда тасдиқланган “Крипто-биржалар фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисида”ги низомга яқинда киритилган ўзгариш ва қўшимчалар ўзбекистонликларга крипто-активлар билан олди-сотди операцияларни амалга ошириш ҳуқуқини берди.

Бу борада фуқаролар нималарни билишлари лозим? Президент ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигининг Крипто-активлар айланмасини ривожлантириш бўлими бошлиғи Асқар Зокиров Kun.uz саволларига жавоб берди.

Ўзбекистонликлар учун крипто-активларни крипто-биржада сотиб олишга рухсат берилди. Шу пайтга қадар уларнинг савдоси ноқонуний ҳисобланган, бунинг сабаби нимада?

— Авваламбор, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида крипто-активлар билан савдоларни амалга ошириш ноқонуний этиб белгиланмаганини таъкидлаб ўтиш лозим. Президентнинг 3832-сон қарорида крипто-активлар айланмаси соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш учун тегишли лицензия олиш тартиби жорий этилган (талаб 2018 йил 1 октябрдан расман кучга кирган).

Шунингдек, Лойиҳа бошқаруви агентлиги директорининг 172-сон “Крипто-биржалар фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги буйруғи билан Ўзбекистон Республикаси резидентларига крипто-биржада фақатгина крипто-активларни сотишга доир операцияларни амалга ошириш ҳуқуқи берилган эди.

Ушбу чеклов нега қўйилган эди? Бу аччиқ ҳақиқат, аммо 2019 йилда олиб борилган ўрганишлар натижасида фуқароларимизнинг аксарият қисми крипто-активлар ўзи нималиги, улар билан олди-сотди операциялар қай тарзда амалга оширилиши, уларга сармоя киритишда мавжуд бўлган хатарлар, яъни крипто-активлар нархларининг юқори ўзгарувчанлиги билан боғлиқ пул йўқотишлари ҳақидаги билимлари пастлиги аниқланган эди.

Бундан ташқари, крипто-активларнинг техник (анонимлик) хусусиятидан келиб чиқиб, чет эл мамлакатлари қатори, Ўзбекистон ҳудудида ҳам, айрим шахслар томонидан, фуқароларимиз маблағларини “молиявий пирамида” тизими асосида, ўзларининг фирибгарлик лойиҳаларига катта фоизли дивидендларни ваъда қилган ҳолда, крипто-активлар ёрдамида сармоя киритишга қаратилган тарғибот ишлари амалга оширилаётганини кўришимиз мумкин.

Масалан, ягона шахс ёки бир гуруҳ шахслар, ноқонуний йўл билан пул ишлаш мақсадида, ўзларининг лойиҳалари доирасида, интернетда тегишли бир веб-саҳифа яратадилар. Мазкур веб-саҳифада ҳар бир мижоз учун тегишли “Шахсий кабинет” очишга имконият берадилар. Шахсий кабинетда техник жиҳатдан тез ва қулай тарзда яратиладиган, ҳеч нима билан таъминланмаган ва текшириб бўлмайдиган қандайдир бир ҳисоб бирлигини яратиб, мижозга лойиҳада қатнашиш учун унинг пул маблағларини крипто-актив (