Ўзбекистонда ҳанузгача одамлар фойдаланиб келаётган «Урал» ва «Днепр» мотоцикллари илк бор ўтган асрнинг 30-йиллари охирида Германиянинг BMW компанияси томонидан «BMW R71» номи остида ишлаб чиқарилган. 1941 йилда немислар совет иттифоқига бостириб кирганда немис пиёда аскарларининг аксарияти «BMW R71» мотоциклларида ҳаракатланган. Кейинчалик ўша мотоцикллар СССРда аввалига М-72, кейин эса «Урал» ва «Днепр» номлари билан ишлаб чиқарилган. Бу русумдаги мотоцикллардан ҳанузгача Ўзбекистонда одамлар фойдаланиб келмоқда.

Фото: ussrmoto

BMW R71

1938 йилда Берлин автосалонида илк марта BMW компаниясининг двигател қуввати 500 дан 750 сантиметр кубгача бўлган R51, R61, R66, R71 русумдаги мотоцикллари намойиш этилади. Улар орасидан BMW R71 ўша пайтда ўзининг мукаммаллиги ва замонавийлиги билан Вермахт (Wehrmacht — Германия қуролли кучлари) қўмондонларининг эътиборини тортади. Қўмондонлик BMW компаниясига ушбу русумдаги мотоцикллардан буюртма беради.

Фото: chmotor.cn
Фото: ebay.com

BMW R71’нинг двигател ҳажми 2 цилиндрли, 22 от кучига эга бўлган ва анча пишиқ ишланган. Шу сабабли оғир шароитда ва носоз йўлларда ҳам бемалол ҳаракатланган. Шунингдек, оғир ҳарбий техникалардан фарқли равишда ихчамлиги учун у тор жойлардан ўтиб кета олган. Ушбу мотоциклга кажава ҳам ўрнатилган ва унда уч нафар немис аскари жойлашган. Шунингдек, кажавага пулемёт ўқотар қуроли ўрнатилган.

Фото: livejournal.com

Мотоциклнинг максимал тезлиги соатига 105 километрни, кажавасиз 125 километрни ташкил этган. BMW R71 соатига 60 километр тезликда ҳаракатланганда ҳар 100 километрга 4,5 литр бензин сарфлаган. Мотоциклда ҳаво билан совитиш тизими ўрнатилган.