Испания: «Барса» чўкмоқда

«Осасуна» — «Барселона» — 2:2 (Давид Гарсия, 14. Авила, 86 — Нико Гонсалес, 12. Эззалзули, 49)

Афтидан, Хави инқироздаги «Барселона»ни қабул қилиш орқали қандай ишга қўл урганини ҳали аниқ англаб етгани йўқ, аммо кўк-анорранглиларнинг Мюнхендаги кўриниши ундаги пуштиранг кўзойнакни синдиргани тайин. Клубга яқин бўлган нашрлар хабарларига кўра, у танаффус вақтида овозини баланд кўтариб гапирган: «Айримларингиз «Барселона» учун ўйнаш нима эканини англаб етмаяпти». Ҳакамнинг ўйин якунлангани ҳақидаги ҳуштаги янграгач эса Хави журналистларга шундай деди: «Мен ранжидим ва реаллик мени ғазаблантирди. Аммо бугун янги эра бошланади — биз барчасини нолдан бошлаймиз».

Каталонияликлар клуби президенти Жоан Лапорта қишда таркибни кучайтириш учун барча ишни қилишини, аммо ҳозирда жамоа ихтиёридаги бор футболчилардан фойдаланишга тўғри келишини айтди. Таркиб жароҳатлар туфайли кучсизланиши давом этмоқда, сўнгги ўйинларда Жорди Альба ва Депай сафдан чиқди. Хави Люк де Йонг ҳам борлигини эслашга мажбур бўлди, аммо Гавининг ажойиб узатмасига нидерландиялик футболчи эмас, кутилмаганда марказий форвард позициясида пайдо бўлган Нико Гонсалес очилди. Аммо бу голдан кейинги хурсандчилик узоққа чўзилмади, «Барса» мудофаасидаги муаммоларни йўқотиб бўлмасди ва бу «стандарт» вазиятда тезкор жавоб голига олиб келди.

Ўйиннинг иккинчи бўлими мезбонлар ҳужумлари билан бошланди, аммо ҳакам памплоналик мухлисларни хафа қилди. Тўпни узоқлаштириш чоғида тўп Бускетснинг қўлига тегди, аммо арбитр ўйинни давом эттириш кераклигини кўрсатди ва вазият янги авлоднинг яна бир ёрқин вакили — 19 ёшли Эззалзулининг кучли зарбаси «тўққизлик»ка бориши билан якунланди. Аммо ёшлик — барқарорлик ва захирада куч етарли дегани эмас, ўйин охирида «Осасуна»да тажриба устунлик қилиб, Авила жамоага дуранг тақдим этди. «Барса» инқироздан чиқишига ҳали вақт бор, ҳозирча эса жамоа сўнгги 17 йилдаги энг ёмон стартини қайд этмоқда — 16 турдан кейин 24 очко.

https://mover.uz/video/embed/lYn9ghuN

«Реал» — «Атлетико» — 2:0 (Бензема, 16. Асенсио, 57)

ОАВ Карло Анчелотти ўз сардорининг соғлиги билан таваккалчилик қилмаслиги ҳақида ёзган бўлса-да, дерби арафасида Бензема сафга қайтди. Эндиликда бу миш-мишлар атайлаб тарқатилгандек кўринмоқда, чунки француз одатдагидек жамоани ўйинга сардорлик боғичини таққан ҳолда бошлаб тушди ва ўз одатини давом эттириб, йил бошидан буён 45-голини урди.

Бенземанинг Винисиус Жуниор билан тандеми — «Реал»нинг бу мавсумдаги асосий қуролига айланган ва шундай таассурот уйғонмоқдаки, бу жуфтлик бир-бирини телепатия даражасида яхши тушунади. Ўйин олдидан Ла Лиганинг ноябрь ойидаги энг яхши футболчиси учун аталган совринни қабул қилиб олган бразилиялик ажойиб узатмани амалга оширди, Бензема эса тўпни тўхтатмасдан зарба йўллаб, уни дарвоза тўрига жойлаштирди.