Ўзбекистон | 12:24 / 15.12.2021
7694
2 дақиқада ўқилади

“Қурилишларда қўшиб ёзишлар сабаб 92 млрд сўм давлат маблағи ўзлаштириб юборилган” – Сенат

Ўтган 9 ойда республикадаги қурилишларда давлат бюджетининг 92 млрд сўм маблағлари қўшиб ёзишлар натижасида ўзлаштирилган.

Фото: Олий Мажлис Сенатининг ахборот хизмати

2021 йилнинг 9 ойи давомида Ўзбекистондаги қурилиш-таъмирлаш ишларида давлат бюджети маблағларини қўшиб ёзишлар орқали ўзлаштириш ўтган йилга нисбатан 16 баробарга ортган. Бу ҳақда Сенатнинг 15 декабрдаги йиғилишида маълум қилинди.

Қайд этилишича, январ-сентябр ойларида таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларини қуриш-таъмирлаш жараёнларида бюджет маблағидан 92 млрд сўм қўшиб ёзишлар аниқланган.

Йиғилишда сенаторлардан бири молия вазири Тимур Ишметовга нега бундай ҳолат давом этаётгани ва мазкур муаммони ҳал қилиш учун вазирлик нима ишлар қилаётгани бўйича савол берди. 

“Бу ҳақиқатан долзарб муаммо. 92 млрд сўмдан ортиқ маблағ Молия вазирлиги давлат молиявий назорати томонидан аниқланган рақамлар. Ғазначилик қаерга қараяпти дейишади. Аммо ғазначилик биринчи навбатда кўпроқ унга тақдим қилинаётган ҳужжатлар тўғрилигини кўриши керак. Кўп ҳолларда нотўғри тақдим қилинган ҳужжатларни рад этади. Лекин ичидаги рақамлар тўғри ёки нотўғри эканини ходимлар кўра олмайди. Шунинг учун ҳам Давлат молиявий назорат департаменти буни текшириб боради. Рақамлаштириш жараёни ўсгани сари бу иш осонлашмоқда. Камчиликларни аниқлаш кўлами кенгайиб бормоқда. Давлат раҳбари ҳузурида ҳам бу масала кўтарилган. Буни узил-кесил ҳал қилиш учун Молия вазирлиги жараённи рақамлаштириш билан бирга, инвестиция дастурларидаги бюджет маблағларини қатъий назоратга олиш бўйича президент қарори чиққан. Бу орқали бюджетдан чиққан ҳар бир сўм маблағни назорат қилиш бўйича қарор қилинган. Бу маблағлар мақсадсиз ишлатилишининг олдини олишда қатъий қадам бўлади деб ҳисоблаймиз”, дея жавоб берди Ишметов.

Мавзуга оид