Соат кундузги тўрт бўлди, бажаришингиз керак бўлган ишлар эса миллионта. Кечгача барига улгура олмаслигингизни биласиз. Ҳар бир ишни ўз вақтида бажариш ҳақида ўйлаб, асабийлашасиз. Уйга келгач эса ишдаги вазифа ва суҳбатлар ҳақида ўйлашда давом этасиз. Натижада мириқиб дам ололмайсиз.
Агар шу каби ҳислар сизга таниш бўлса, билингки, ёлғиз эмассиз. Иш туфайли юзага келган хавотир – кенг тарқалган ҳолат. АҚШ хавотир ва депрессияга қарши кураш ассоциацияси маълумотларига кўра, 56 фоиз кишилар иш билан боғлиқ хавотирлардан азият чекади.
Доимий ташвишда яшаш меҳнат ва унумдорлик сифати азият чекишига олиб келади. Саломатлик тўғрисида эса гапирмаса ҳам бўлади. Хавотирни енгишда ёрдам берадиган беш усул қуйидагилардан иборат:
1. Ўзингизни тинчланишга мажбурламанг
Чуқур нафас олиш ва сукунатда ўтиришга шошилманг. Ҳарвард бизнес мактаби ходими Элисон Вуд Брукс фикрига кўра, бундай ёндашув ёрдам бермайди. Тинчланишга уриниш ўрнига у ҳаяжонни илҳомга айлантиришни тавсия қилади.
Ўз ҳолатингизни тан олинг. Масалан, асабий зўриқиш ва хавотирдан титраяпсиз. Уларга қарши курашиш учун ортиқча вақт сарфламанг ва ишга киришинг. Кучингизни ижобий томонга йўналтиришга интилинг ва ундан вазифаларни бажариш ва мақсадга эришиш йўлида фойдаланинг.
2. Бир вақтнинг ўзида бир неча вазифа бажаришни бас қилинг
Бир неча вазифани бажариш керак бўлганида қарор қабул қилишдан чарчаш табиий ҳолат. Бир нечта вазифа орасидан биттасини танлаш ва дастлаб қайси ишни бажариш кераклигини ҳал қилиш зарур. Кун давомида одатда зўриқиш кучаяди, у билан бирга эса хавотир ҳам ортади.
Ана шу ҳолат олдини олиш учун кўп вазифани бажариш режимида ишламанг. Чунки мазкур вазиятда финиш чизиғи – иш бажарилган вақтни сезмай қоламиз. Бу ҳис эса самарадорлик учун жуда муҳим: айнан шундай фурсатлар бирор нимага эришганлик ҳиссини беради.
Бир неча ишга чалғиб, бирортасини бажармагандан кўра, ягона бир ишни бажариш яхши эканини ўзингизга эслатиб туринг. Бир вақтнинг ичида бир неча вазифани бажармоқчи эканингизни пайқасангиз, асабийлашманг ва диққатни фақат битта ишга қаратинг.
Агар уларнинг барчаси муҳим бўлса, улардан исталган биттасини танланг ва улар ҳақида ўйлаш учун қўшимча вақт сарфламанг. Ана шу вазифани кичик қадамларга бўлинг ва уларни бирин-кетин бажаринг.









