Бугун эрталабдан Қашқадарёнинг бир қанча туманларида ва Қарши шаҳрида чанг бўронлари кузатилмоқда. Оқибатда йўлларда кўриш даражаси пастлаган.
Гидрометеорология хизмати 21 декабрь куни шамол тезлиги баъзи жойларда 25-28 метр/секундгача кучайиб, Қорақалпоғистон, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятларида ва республиканинг чўл ҳудудларида чанг бўрони ва ғуборлар кўтарилишини прогноз қилганди. Айни пайтда республиканинг айрим ҳудудларида ушбу табиат ҳодисаси кузатилмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш учун барча зарур чоралар кўрилганини маълум қилди.
«Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг ҳудудлардаги 13та филиали ҳамда 179та аҳоли пунктида жойлашган субфилиаллари домий шай ҳолатда.
Бундан ташқари, мамлакатимиз бўйлаб 2861та тез тиббий ёрдам бригадаси зарур дори-дармонлар билан етарли миқдорда тўлиқ таъминланган. Шошилинч ва тез тиббий ёрдам тизимида фаолият кўрсатаётган қарийб 17 минг нафарга яқин шифокор ва 52 минг нафардан зиёд ҳамшираларга зарур кўрсатмалар берилган.
Қолаверса, аҳоли Соғлиқни сақлаш вазирлигининг «1003» қисқа рақамли Саll-маркази малакали мутахассисларидан чангли ҳаводан қандай ҳимояланиш бўйича тун-у кун керакли маслаҳат ва тавсиялар олишлари мумкин.
Хусусан, бундай вазиятда нафас йўли сурункали касалликлари бор юртдошларимизга чангли ҳавода ташқарига чиқмасликларини тавсия қиламиз», дейилади ССВ матбуот хизмати хабарида.




Тавсиялар:
















