08:11 / 22.12.2021
1448

Қорақалпоғистондаги мактаб таъмирланишида 137 млн сўм бюджет маблағи талон-торож қилинди

Фото: Kun.uz

Нукус туманидаги 2 та мактаб таъмирланишида 137 млн сўм бюджет маблағи талон-торож қилинган. Бу ҳақда "Ҳуқуқ" газетаси хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Нукус тумани бўлими ўтказган текширишда 137 млн сўм бюджет маблағи талон-торож қилингани аниқланган.

Гап шундаки, 2021 йили Нукус тумани халқ таълими бўлими, «Байтерек-Ақманғит» ва «Улли келешек қурилис» масъулияти чекланган жамиятлари ўртасида тумандаги 1- ва 7-мактабларни таъмирлаш юзасидан 1 млрд 42 млн сўмлик шартнома имзоланган.

Шартномага асосан мактаблар таъмирланган. Аммо иш якунига етганидан сўнг туман халқ таълими бўлими ва МЧЖларнинг мансабдорлари таъмирлаш ишлари лозим даражада бажарилмаган бўлишига қарамасдан, расмий ҳужжатларга сохта маълумот киритган. Ушбу жиноий ҳаракат оқибатида эса 137 млн сўм бюджет маблағи талон-торож қилинган.

Мазкур ҳолат юзасидан халқ таълими бўлими ва номи келтирилган жамиятларнинг мансабдорларига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, суд томонидан уларнинг ҳар бирига қонуний жазо чоралари қўлланди, дейилади хабарда.

Бундан олдин «Ёшлик» жисмоний тарбия ва спорт жамияти Қорақалпоғистон минтақавий бўлимига ўқувчилар ҳамда ўқитувчилардан мажбурий равишда аъзолик бадали йиғилаётгани маълум бўлганди.

Top