Ўзбекистон | 19:56 / 25.12.2021
24688
6 дақиқада ўқилади

“Вилоят раҳбарларининг имзосигача сохталаштирилган” — Зойир Мирзаев ер ажратишдаги қинғирликлар ҳақида

Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Зойир Мирзаев депутатлар ва халққа мурожаатида ер ажратиш масалалари, шунингдек, фермерлар тасарруфидаги ер майдонлари ноқонуний равишда сотиб юборилганига эътибор қаратди.

“Хатлов шуни кўрсатдики, Тошкент вилоятида айрим майдонларда ер кўп, айрим ҳудудларда эса ер етишмайди. 3428та фермер хўжалигида ер майдонлари 3058 гектарга кўп. Яъни фермер хўжалигининг ери бор. 50 гектар ерим бор деб айтади. Бориб тепадан ўлчанганда 55 гектар, 60 гектар чиқяпти. Яъни ер ортиқча.

4523та ҳолатда эса фермерларнинг ерлари 3914 гектарга кам чиққан. Бу ер сотилган. Бу ер бошқа одамга бериб юборилган. Бу бўйича энг кўп салбий ҳолат Пскент ва Бекобод туманларида аниқланган. Хусусан, Пскент туманида 260та хўжаликда ер майдони 1236 гектарга кўп чиққан бўлса, Бекобод туманида 257та фермерда 1239 гектар ер етмаяпти. Яъни фермер хўжалигининг контурида турган ер сотиб юборилган, бугунги кунда бу ернинг эгаси бошқа, у ерга уй қурган, ноқонуний боғ қилиб олган”, деди Зойир Мирзаев.

Ҳоким вилоятдаги ер майдонлари рақамлаштирилиши ортида ер ажратиш билан боғлиқ кўплаб қинғирликлар фош бўлганини маълум қилди.

“Вилоятдаги 902 та корхона ҳанузгача ҳокимликлар билан ер ижара шартномаси тузилмасдан фаолият олиб бораётгани аниқланди. Бундан корхоналар Янгийўл туманида 216, Қибрайда 375, Тошкент туманида 109, Пискентда 62 тани ташкил этади. [Фермерларнинг ҳокимликлар билан ердан фойдаланиш бўйича] ижара шартномаси бўлмагандан кейин нима бўлади? Қарор ҳам берилмайди унга, нима экиш ҳам айтилмайди. Статистикада ҳам кўринмайди.

Яъни фермер давлатнинг тасарруфидаги ерни ўзининг томорқасидай ишлатяпти, қўпол қилиб айтсак. Томорқа бошқа, у сизга умрбод берилган. Нима экасиз, қанча даромад қиласиз, ўзизники. Лекин бу [ижара шартномаси тузилмасдан ишлатиб келинаётган] ер майдонлари давлатники. Бунга ундай муносабатда бўлиш керак эмас”, деди Зойир Мирзаев. 

Вилоят раҳбари ердан фойдаланишдаги бошбошдоқликлар оқибатида вилоятда 2021 йилда 1409 та ҳолатда 263 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани, ноқонуний қурилишларга йўл қўйилганини маълум қилди. Унинг айтишича, 7214 та ҳолатда контурлар кесимида 8304 гектар майдон бўйича тафовут бор. Яъни фермер хўжаликлари тасарруфидаги ерлар билан ҳужжатлар рақамлар ўртасида бир-бирига мос эмас.

“Мен ҳалол тадбиркорларни ҳурмат қиламан. Президентимизнинг топшириқларига кўра, уларни қўллаб-қувватлаймиз, ёнида туриб беришга тайёрмиз. Мана, шаҳар-туман ҳокимлари эшитяпти, хатловда шунақанги нарсалар чиқяптики, тадбиркорлик субъекти аукционда ер майдонини ютиб олганидан кейин ерга оид ҳужжатлар сохта бўлиб чиқяпти. Очиқ айтаман: вилоят раҳбарларининг имзосигача сохталаштирилган.

Битта йўналишга сотволяпти. Бошқа нарса қуряпти. Маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси ташкил қиламан, деб сотволиб уй қуриб олган. Ҳозирги тизимда ҳамма нарса базага киритилади. Бир томондан ҳокимнинг қарори базага киритиляпти. Иккинчи томондан ернинг ҳақиқий ҳолати базага киритиляпти. Мана шу иккаласини солиштирганда ўртадаги тафовут чиқиб келяпти. Ҳозир бизда етти мингдан зиёд шунақа объект бор.

Мен илтимос қилардим, қайси тадбиркор ҳали объекти қурилмаган бўлса, қўлидаги қарорини бизга олиб келиб кўрсатсин. Солиштириб кўрайлик-чи. Икки-учта тадбиркор билан гаплашдим, қўлида қарор бор, вилоят ҳокимлигида у қарор йўқ. Тасаввур қиляпсизми? Рақамини олиб кўрсак, бу рақам билан бошқа ҳужжат турибди. Уларга бу қарорларни кимдир “ясаб” берган. Агар вақтида буни аниқламасак, ҳурматли тадбиркорлар, сизга жабр қилиб қўямиз”, деди Зойир Мирзаев. 

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Ҳокимнинг айтишича, Тошкент вилоятидаги ер майдонларининг 70 фоизи рақамлаштирилгани соҳадаги муаммоларни юзага чиқарган. Зойир Мирзаев қўлида ер ажратиш тўғрисида ҳокимлик қарори бор, бироқ ҳали иш бошламаган тадбиркорлардан қурилиш бошлаш ёки бошқа бир кўринишда иш бошлашдан олдин қўлидаги ҳужжатнинг ҳақиқийлигини текшириб олишга чақирмоқда.

“Ер майдонлари электрон харитада ойнадай кўриниб турибди. Тадбиркорлик субъектларини таҳлил қилсак, ер ажратиш ҳақидаги қарорда унга икки сотих ер берилган, тепадан қаралса, ўраб олган жойи 9 сотих чиқяпти. Қарорда 10 сотих ер берилганлар ярим гектар жойни, 5 сотих берилганлар ундан кўп жойни ўраб олишган. Энг ёмони, биз қарийб 13 минг гектар ер майдонидан солиқ олмас эканмиз. Чунки бу ер ҳисобда йўқ. Тепадан туриб текширилганда чиқиб келяпти. Ҳаммасининг эгасини топганимиздан сўнг мана шундай ҳолат келиб чиқяпти.

Яна бир карра таъкидлайман. Кимда агар қарор бўлса, келсин, биздагиси билан солиштириб олайлик. Ҳужжатингиз қонуний бўлса, оқ йўл, марҳамат, қураверинг. Лекин эртага дастурда бу ер ноқонуний бўлиб чиқса, кейин ҳар хил гап-сўз бўлиши керак эмас. Чунки бу ер – Ўзбекистон халқининг бойлиги. Тиллага тенг еримиз. Қаер-қаер, Тошкент вилоятининг ери тиллага тенг”, деди Тошкент вилояти раҳбари.

Мирзаев ўз мурожаатида аҳолини қийнаётган асосий муаммолар – электр, газ ва ичимлик сув таъминотидаги камчиликларга ҳам тўхталди.

Шунингдек, Мирзаев Тошкент вилоятидаги маҳаллаларнинг бирида 88 гектар ер бўш ётгани аниқлангани, эндиликда бу ер фуқаролардан олиб қўйилишини айтди.

Мавзуга оид