Ички ишлар вазири матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов зўрлик ишлатиш орқали тадбиркорлар ва фуқаролардан улуш олиб юрган гуруҳлар пайдо бўлгани, давлат раҳбари бундай ҳолатларга барҳам бериш лозимлиги ҳақида топшириқлар берганини таъкидлади.

«Айрим ҳолатларда ҳақиқатан [солиқ йиғувчи гуруҳлар фаолияти] кузатилди. Кўчаларда текин «стоянка»га фуқаролар машинасини қўйишаётганда бунинг учун пул талаб қилинган ҳолатлар кузатилди.

Ўрнатилган тартибдаги вақтдан кеч, яъни тунги вақтда ишлаётган ошхона ва аҳолига хизмат кўрсатувчи бошқа шохобчалардан айрим фуқаролар улуш талаб қилган ҳолатлар бор. Давлатимиз раҳбари умумий тарзда шу ҳақда айтиб ўтдилар. Бу нарсага чек қўйиш керак, бу бошқа такрорланиши мумкин эмас дедилар.

Ҳақиқатан ҳам бу каби ҳолатлар бир неча марта кузатилди. Бу ўз вақтида ижтимоий тармоқларда ҳам ёритилган. Бу фақат Тошкент шаҳрига тегишли эмас, бутун республикага тегишли. Бундай гуруҳларни аниқлаш ва уларнинг фаолиятига барҳам бериш тезкор қидирув форматида амалга оширилади. Бу ҳақиқатан бор нарса, шунга йўл қўйилаётгани ҳақида давлат раҳбари аниқ топшириқ берди ва бу бўйича бутун вилоятлар ишлаяпти», деди Ғиёсов.

Шоҳрух Ғиёсов

Ғиёсов бу билан криминал авторитетлар қайтаётганига ишора қилинмаганини таъкидлади.

«Айрим ҳолатларда локал жойларда куч ишлатиш орқали бошқа фуқароларга таъсир ўтказиш ҳолатлари кузатиляпти. Масалан, мардикор бозорларда ким биринчи, ким иккинчи бўлиб иш олишини белгилайдиганлар, текин «стоянка»лардаги автомобиллардан пул ундиришга уринаётганлар, шунингдек, «петак»лардаги таксичилар қачон мижоз олишини ҳал қилувчилар пайдо бўлди. Шу нарсаларга бутунлай чек қўйиш керак деган маънода гапирилди. Бу борадаги вазият ўрганиб чиқилиб, тегишли тадбирлар амалга оширилади», дейди ИИВ матбуот котиби.

Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи Азиз Тошпўлатовнинг матбуот котиби Нилуфар Исахонова «кўча», яъни криминал авторитетлар яна қайтаётганини рад этди. Шу билан бирга, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси мулозими жиноят оламига кирган айрим шахслар ўзидан раҳнамо ясашга уринаётгани, бироқ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан бунга йўл қўйилмаганини таъкидлади.

«Жиноят олами вакиллари, яъни «кўча яна қайтди» деган терминни ишлатиш, менимча, нотўғри. Бирорта жиноий гуруҳ ёки бўлмаса жиноят йўлига кирган айрим шахслар ўзидан раҳнамо ясаб олишга ҳаракат қилмоқда. Жумладан, ноқонуний савдо қиладиган шахсларни раҳнамолигига олган, уларнинг ноқонуний савдо қилишига шароит яратиб берадиган ёки улардан маълум бир миқдорда ноқонуний солиқ йиғувчи шахсларни ҳам аниқлаяпмиз. Уларга нисбатан қонун доирасида чора кўриляпти, жиноят иши очиляпти, айби исботлангандан сўнг жиноят ишлари судга юборилмоқда», дейди Исахонова.