Жамият | 18:17 / 30.12.2021
9865
3 дақиқада ўқилади

“Энди йиғламайман!” — “Кўнгил кўзи” лойиҳаси кўзи ожиз болалар дардига дармон бўлмоқда

2021 йилда “Кўнгил кўзи” лойиҳаси доирасида республика бўйича 3199 нафар бола текширувдан ўтди, 400 га яқин операциялар ўтказилди. Болаларнинг кўриш ўткирлиги 3-5 фоиздан ўртача 20-30 фоизгача кўтарилди, дея маълум қилди Саида Мирзиёева.

Масс-медиа фонди директори ўринбосари, “Кўнгил кўзи” лойиҳаси раҳбари Саида Мирзиёева лойиҳа орқали 2021 йилда эришилган натижалар ҳақида маълумот берди.

Унга кўра, бир йил ичида лойиҳа доирасида республика бўйлаб минглаб кўзи ожиз болалар текширувдан ўтказилди.

“Республика бўйича 3199 нафар бола текширувдан ўтди, Тошкентда ва вилоятларда 400 га яқин операция ўтказилди. Болаларнинг кўриш ўткирлиги 3-5 фоиздан ўртача 20-30 фоизгача кўтарилди”, – дейди Саида Мирзиёева.

Қашқадарёлик Шодиёна Қурбоновада туғма ногиронлик, катаракта (кўз гавҳарининг хиралашиши) касаллиги бор эди. Лойиҳа доирасидаги жарроҳлик амалиёти давомида унга сунъий гавҳар қўйилиб, шох парда кўчириб ўтказилди. Бу бўлиб ўтган операциялар ичида энг мураккаби эди.

“Дунёдаги ҳамма нарсаларни кўргим келарди. Биринчи бўлиб ота-онамни, оиламни кўрдим. Докторларни, ҳамма нарсани кўра бошладим. Энди йиғламайман”, – дейди Шодиёна.

Республика чуқурлаштирилган кўзмикрохирургияси маркази директори Азамат Юсуповнинг сўзларига кўра, “Кўнгил кўзи” хайрия лойиҳаси кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун аталган кўплаб тадбирлар ичида айнан операциялар ўтказилиши билан энг кутилгани бўлди.

“Кўзи ожиз болаларни текшириш, операция қилиш – мана шу проектнинг ноёблигидир. Ихтисослаштирилган текширувлар марказида замонавий аппаратура текширувлари, технологияларда беморларни текшириб, уларнинг кўриш қобилиятини яхшилаш учун яна бизда имкон пайдо бўлди”, – дейди марказ директори.

Жиззахдаги кўзи ожиз болалар мактаб интернати ўқитувчиси Ўткир Маманов  интернатда ўқийдиган болажонларнинг кўпчилигининг ота-онасида операция қилдиришга имконияти йўқлигини, лойиҳа болалар учун яхши бўлганини таъкидлайди.

“Бир ҳафталаб болаларни Тошкентга олиб кетиб ётоқхоналарга жойлаштириб, текширишди. Линзаларни Ҳиндистондан юборишди, ўзим гувоҳи бўлдим. Дориларни ҳам бериб юборяпти. Лойиҳа битта Жиззахда эмас, бутун республикада кўзи ожиз болаларни операция қилиб, операциядан кейинги жараёнларни ҳам назоратга олиб турибди”, – дейди ўқитувчи.

“Ҳаммаси яхши бўлади, токи дунёда меҳр бор экан. Мўъжизалар оламидан кўплаб манзилларга совғалар карвони яна йўл олди”, – дейди Саида Мирзиёева лойиҳанинг бир йиллик ҳисоботи хулосасида.

Мавзуга оид