Жаҳон | 13:48 / 31.12.2021
23752
3 дақиқада ўқилади

Байден ва Путин декабрнинг ўзида иккинчи марта мулоқот ўтказди. Яна Кремль сўрови билан

АҚШ президенти Жо Байден ҳамда Россия президенти Владимир Путин 30 декабр куни кечқурун телефонда мулоқот қилди. Бу ҳақда ҳар икки президент ахборот хизматлари хабар берган. Америка президенти Россия агрессияни давом эттирадиган бўлса, жиддий санкцияга учраши ва Украинага ҳарбий ёрдам кучайтирилишидан огоҳлантирган.

Фото: AP

Январ ойида АҚШ ва Европадаги иттифоқчилари Россиянинг НАТОни кенгайтирмаслик бўйича талабларини муҳокама қилади. Бу Путин ва Байденнинг ушбу музокаралар олдидан катта эҳтимол билан охирги мулоқоти бўлди.

Байденнинг матбуот котиби Жен Псаки суҳбат давомида Байден Россия Украинага бостириб кириш эҳтимоли ҳақида таъкидлаб гапирганини эътироф этди: «Президент Россия Украинага яна бостириб кирадиган бўлса, АҚШ ва иттифоқчилари муносиб жавоб беришини тушунтирди». Псакига кўра, Байден муаммони дипломатик йўл билан ҳал қилиш кераклигини айтган. Январда Россия – АҚШ форматида Женевада музокаралар бошланса, НАТО – Россия форматида учрашувлар ЕХҲТ доирасида ўтади. АҚШ президенти бу музокаралар фақатгина Россия Украина чегарасидан қўшинларини олиб кетган тақдирдагина самарали бўлишини айтган.

Оқ уйнинг юқори мансабли мулозими шахси сир қолиши шарти билан маълум қилишича, Байден НАТОнинг Путин кенгайишини истамаётган шарқий қаноти кучайтирилиши ва Украинага ҳарбий ёрдам оширилиши ҳақида ҳам гапирган. Псакининг айтишича, Путин билан мулоқотдан аввал Байден Европадаги иттифоқчилар билан, давлат котиби Энтони Блинкен эса Украина раҳбарияти билан гаплашган.

Москва нима деди?

Россия президентининг ташқи сиёсат бўйича ёрдамчиси Юрий Ушаков ҳам Байден ўзаро мулоқотда Путинга санкциялар ҳақида гапирганини тасдиқлади: «Байден навбатдаги марта санкциялар ҳақида гапирган. Бу ҳақда 7 декабр кунги суҳбатда ҳам айтилган эди. Бизнинг президент эса бу муносабатлар бутунлай дарз кетишига олиб келиши мумкин бўлган қадам эканини айтди», деб Ушаковнинг сўзларини келтирган РИА Новости.

Шунингдек, Путиннинг ёрдамчисига кўра, Байден ҳамкасбига АҚШ Украинада ҳаво ҳужуми қурилмаларини жойлаштирмоқчи эмаслигини аниқ айтган. Аммо бу борада суҳбатгача ҳам ҳеч қандай расмий ёки оғзаки гап айтилмаганди. Ушаковга кўра, Путин музокаралар шунчаки гурунгга айланиб қолмаслиги кераклигини айтиб, тезда конкрет натижалар бўлиши лозимлигини таъкидлаган.

Байден ҳамда Путин ўртасидаги мулоқот белгиланганидан 5 дақиқа кейин, Москва вақти билан 23:35 да бошланиб, 50 дақиқа давом этган.

Иккинчи марта ҳам Москва ташаббуси билан суҳбат ўтказилди

АҚШ ва Россия президентлари декабр ойининг ўзида иккинчи марта телефонда гаплашди. Иккинчи сафар ҳам мулоқот Россия томонининг ташаббуси билан амалга оширилди. Экспертларнинг сўзларига кўра, бу Украина атрофидаги воқеалар қанчалик жиддий эканини кўрсатади. Видеомулоқот тарзида ўтган ва 2 соат давом этган олдинги суҳбатда ҳам Байден санкциялар ҳақида гапирган, Путин эса НАТО Россияга қараб кенгаймаслиги борасида кафолат сўраган эди.

Мавзуга оид