Ўзбекистон | 09:34 / 31.12.2021
5656
2 дақиқада ўқилади

Давлат хизматчиларининг моддий ва ижтимоий таъминот даражаси оширилади

Ўзбекистонда давлат хизматчиларининг касбий тайёргарлик, моддий ва ижтимоий таъминот даражасини ошириш режалаштирилмоқда. Бу 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” лойиҳасида белгиланган.

Фото: Getty Images

Унга кўра, барча даражадаги раҳбар кадрлар ва ходимларнинг “ҳаёт давомида таълим олиш” (Life Long Learning) тамойили асосида бутун фаолияти давомида ўзларига зарур бўлган кўникмаларини ривожлантириб боришга қаратилган малака ошириш тизимининг ягона қоидаларини белгилаш кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, давлат фуқаролик хизматчисининг узлуксиз малакасини ошириш ва касбий ривожланиши – давлат фуқаролик хизматини ўташнинг муҳим шарти этиб белгиланади.

Давлат фуқаролик хизматчиларининг кўникмаларини оширишда давлат буюртмасини шакллантириш тизими ишлаб чиқилади.

Давлат фуқаролик хизматчиларини ўқитиш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг интерфаол шакллари, шунингдек, уларнинг янги билим ва кўникмаларни эгаллаши учун барчага очиқ бўлган электрон ўқув дастурлари ҳамда платформаларни ишлаб чиқиш мўлжалланган.

Бундан ташқари, давлат фуқаролик хизматчиларининг малакасини ошириш билан шуғулланувчи давлат ва нодавлат таълим муассасаларининг реестри юритилади.

Вазирлик ва идоралар ҳузуридаги малака ошириш марказларида давлат фуқаролик хизматчиларини ўқитиш жараёнида умумий илмий-услубий тизим йўлга қўйилади ва мониторинг қилинади.

Давлат фуқаролик хизматчиларининг моддий ва ижтимоий таъминот даражаси оширилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид