Ўзбекистон | 07:16 / 04.01.2022
3124
2 дақиқада ўқилади

Миллатлараро муносабатлар соҳасида Президент мукофоти таъсис этилади

Ўзбекистонда миллатлараро муносабатлар соҳасида давлат сиёсати концепциясининг изчил амалга оширилишини таъминлаш режалаштирилмоқда.

2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” лойиҳасига кўра, жамиятда миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини ривожлантиришга қаратилган 2022-2024 йилларда миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон давлат сиёсати концепциясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Миллатлараро муносабатлар соҳасида илмий изланишлар сони ва сифатини ошириш ҳамда мазкур йўналишдаги ижтимоий лойиҳаларни рағбатлантириш мақсадида Президент мукофоти таъсис этилади.

Турли миллат ёшлари учун қўшимча қулай шарт-шароитлар яратиш, уларда фуқаролик бурчини англаш, ватанпарварлик, бағрикенгликка асосланган миллатлараро муомала маданияти ҳис-туйғусини мустаҳкамлаш ҳам кўзда тутилган.

Бунда, турли миллат ёшлари билан ишлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилади. Таълим тожик, қозоқ, қирғиз ва туркман тилларида олиб борилаётган умумтаълим мактаблари битирувчилари учун қўшимча қулайлик яратиш мақсадида олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тест саволларини тегишли тилларда тузиш ва уларни ўтказиш амалиёти жорий этилади.

Хорижий тилларда фаолият юритаётган ҳамда миллатлараро муносабатлар соҳасида давлат сиёсатини ёритаётган оммавий ахборот воситаларини давлат томонидан қўшимча қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилади. “O’zbekiston”, “Звезда Востока” ва “Амударё” журналлари, “Еркин Қарақалпақстан”, “Нурлы жол”, “Овози тожик”, “Мекан” ва “Достук” газеталарининг моддий-техник базаси яхшиланади. Соҳага оид материалларни оммавий ахборот воситаларида ёритиш бўйича танловлар, грантлар ташкил этилади ва ўтказилади. ОАВ, журналистлар ва блогерларнинг пресс-турларда иштирок этиши, уларга бериладиган ижтимоий буюртмаларни қоплаш тартиби белгиланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид