Каттақўрғон шаҳри ҳокими, сенатор Гавҳар Алимова тадбиркорларга Қашқадарё вилоятининг биринчи раҳбарлари томонидан ноқонуний тўсиқ ўрнатилгани борасида эътироз билдирди.
2021 йилнинг 28 декабр куни Чироқчи туманидаги “Умакай” постида “Maroqand Gold Oil Ekstraksiya” МЧЖга тегишли техник чигит ушлаб қолинган. ЙПХ ходимлари тадбиркорлар билан суҳбат давомида вилоят раҳбарларининг топшириғи билан Қашқадарёдан чигит чиқарилмаслигини важ қилиб келтиришган.
Тадбиркорларнинг ҳужжати текширилаётгани, рухсат берилса қўйиб юборишини маълум қилган. Вазият ижтимоий тармоқларда жиддий эътирозларга сабаб бўлди.

Kun.uz мухбири “Умакай” мунтазам йўл патрул масканида бўлиб, воқеалар ривожи билан қизиқди ва ҳозирга қадар очиқ ҳавода сақланаётган, ёмғир остида қолган юз тонна маҳсулотнинг ҳолатини тасвирга олди.
Кеча, 4 январ куни соат 14:00 дан ўтганда мазкур постга етиб борганимизда, учта юк машинасига ортилган маҳсулот шундоққина йўл ёқасида тўхтатиб қўйилганига гувоҳ бўлдик. Демак, ЙПХ ходими айтган ҳужжат текшириш “маросими” бир ҳафтада ҳам якунига етмаган экан.
“Maroqand Gold Oil Ekstraksiya” МЧЖ бош ҳисобчиси Умиджон Тоиров биз билан суҳбатда мазкур постдан бундан аввал ҳам мунтазам чигит олиб ўтишганини маълум қилди. Корхона биржа савдоларида иштирок этиб, нафақат Қашқадарё, балки бошқа вилоятлардан ҳам доимий тарзда маҳсулот олиб келган.


Тоировнинг айтишича, мазкур ҳолатда корхона экспедиторидан ҳеч қанақа ҳужжатлар сўралмаган. ИИБ вакили, шунчаки, вилоятдан чигит чиқарилмаслигини айтган.
Шундан сўнг корхона мутасаддилари постга етиб бориб, маҳсулотни вилоят ҳудудидан чиқармаслик бўйича ёзма ҳужжат талаб қилган. ИИБ вакили бундай ҳужжатни тақдим қила олмаган, “вилоят раҳбарларининг топшириғи”, деб туриб олган.


















