12:38 / 06.01.2022
65455

Бу энди намойиш эмас, бошбошдоқлик — Қозоғистондаги даҳшатли тун ҳақида ўйлар

Қозоғистон ғарбида газ нархи ошишига эътироз туфайли бошланган ва бутун мамлакатга ёйилган норозилик намойишлари бошлангач, 5 январь куни 7 соатча интернет узилди. Дунё у ерда нималар бўлаётганидан бехабар қолди.

Валерий Шарифуллин / ТАСС / Scanpix / LETA

Ҳаммаси хайрли якун топишидан умид қилиб, фақат расмий хабарлар билан чекланиб турдик. Гарчи иқтисодий талаблар секин-аста сиёсий талабларга айлана бошлаган бўлса-да, Қозоғистон раҳбарияти зарур чоралар кўра бошлади.

Тунда Интернет тиклангач, Қозоғистондаги энг катта шаҳар Олмаотадан қўрқинчи кадрлар кела бошлади: тасвирларда қандайдир талаблар билан чиқаётган намойишчиларни эмас, экскаваторлар билан банк биноларига ҳужум қилаётганлар, ҳокимият ва прокуратура биносига ўт қўйганлар, магазин ва ресторанларнинг эшик-деразасини синдириб, талаётганларга кўзимиз тушди. Ҳатто, ёнғинларни ўчириш учун келган ўт ўчириш машиналарига ҳам ўт қўйилибди...

Журналистлар гаровга олинган. Стратегик объект — Олмаота аэропортига ҳам кириб боришган, самолётлар эгалланган...

Шаҳар бўйлаб тезроқ ҳаракатланиш учун автомашиналар олиб қочилган, уларнинг давлат рақами юлиб ташланган. Буларнинг барчасини «намойишчилар» деб аталаётган қуролли шахслар (уларнинг аксарияти ёшлар) ҳеч қандай тўсиқсиз ва тартиб посбонларининг йўқ бўлиб қолишлари фонида амалга оширишган...

Олмаотада ёқиб юборилган автобус. 5 январь
Валерий Шарифуллин / ТАСС / Scanpix / LETA

Тартибсизликлар қурбонлари сони тилга олиниб, ўлдирилганларнинг тасвирлари тарқала бошланди. Кўчалардан бирида 12 ёшли болага қарата ўқ узилган видео ҳам тарқалди.

«Бундай безбетлик ва бошбошдоқликдан лол-у ҳайрон алматиликлар шокка тушиб қолишди, бироқ қўлларидан ҳеч нарса келмасди. Яхшиямки, масжид ва черковларда, метро ва савдо марказларида, концерт ва оммавий тадбирларда теракт уюштирадиган мутаассиблар эмас, оддий маргиналлар бу ишга қўл ураётган эди. Акс ҳолда нималар юз беришини тасаввур қилиш ҳам қийин.

Бу ҳокимиятнинг барча бўғинларининг тўлиқ таназзули! Улар қўллай олган ягона чора — интернетни узиб қўйиш ва аҳоли ўртасида янада кўпроқ таҳлика уруғини сочиш бўлди. Бўлди! Уларни бошқа ҳеч ким кўргани ва сезгани йўқ», — деб ёзади қозоғистонлик журналистлардан бири.

Қозоғистонликлар одамлар ўлимига сабаб бўлган бу тартибсизликларнинг устида турган ва уни уюштирганлар, тартибсизликларнинг олдини олмаганлар топилиб, жазоланишини исташмоқда.

Албатта, халқ у ёки бу масалада ўз эътирозларини билдиришга, муаммоларини баён этишга ҳақли. Қолаверса, коронавирус пандемияси чоғида иқтисодиёт пасайди, жуда кўпчиликнинг доимий даромадида узилишлар пайдо бўла бошлади. Асабий ва норози кайфият ҳаммада бор эди. Ҳатто атрофдаги республикаларга нисбатан халқининг турмуш даражаси юқори бўлган Қозоғистонда ҳам. 

Биз эса «гуручнинг ортидан курмак ҳам сув ичади», деган мақолнинг яққол исботини кўриб турибмиз. Қонуний ҳақ-ҳуқуқларни талаб қилиш жиноятларга, ноқонуний хатти-ҳаракатларга, тинчлик вақтида одамлар ўлимига, урушга йўл очиб бермоқда. Босқинчи ва муттаҳамлар дастидан оддий тадбиркорлар жабр ва зиён кўришди, улар таланди, хонавайрон қилинди. Уларнинг айби нима эди?

Олмаотада дўконлар витриналари синдирилиши, 5 январь
Yerlan Dzhumayev / ТАСС / Scanpix / LETA

Бу сатрлар айримларга баландпарвоздек кўринар, лекин ҳар қандай эътироз, талабни тинч йўл, сабр ва сабот билан изҳор этиш мумкин эди. Энг тўғри йўл ҳам шу.

Аслида, бундай пайтда катта кўнгилсизликларнинг олдини олиш учун ҳокимият тепасидагилар халққа пешвоз чиқиши керак. Амин бўлдикки, Қозоғистонда халқ билан мулоқот тўғри йўлга қўйилмаган экан. Раҳбарлар халқ билан гаплашиш, уларни эшитиш кўникмасига эга эмас. Олмаота шаҳар ҳокими ҳаттоки расмий чиқиш қилишни ҳам ўзига эп билмади.

Албатта, Қозоғистондаги воқеалардан бизнинг одамларимиз ҳам, раҳбарларимиз ҳам тўғри хулоса чиқариши керак. Бир кўнгилсизликни бартараф этишдан аввал, барча очиқ муҳокама-ю муроса билан унинг келиб чиқмаслик чораларини кўриш минг чандон яхшироқ эканлигига гувоҳ бўлиб турибмиз.

Шуҳрат Шокиржонов, журналист

Мавзу
Қозоғистонда газ намойишлари
2 январь куни Қозоғистоннинг Манғистау областида суюлтирилган газ нархи икки бараварга кўтарилганидан норози бўлган қозоғистонликлар оммавий митингга чиқишди ва кейинги кунларда намойишлар бутун мамлакат бўйлаб ёйилди.
Барчаси
Top