Чироқчи туманидаги “Умакай” постида каттақўрғонлик тадбиркорларга тегишли чигит ЙПХ ходимлари томонидан тўхтатиб қолингани ва бу топшириқ Қашқадарё вилояти ҳокимлиги томонидан берилгани ҳақида бир нечта мақола эълон қилинди.
Kun.uz мухбири воқеа жойидан махсус репортаж тайёрлади.
Умуман, чигит воқеаси юзага чиққач, дастлаб Қашқадарё вилояти ҳокимлигининг дастлабки позицияси бугунга келиб бутунлай ўзгача тус оляпти. Яъни ҳокимлик энди вазиятни бошқа томонга буришга ҳаракат қилаётгани ойдинлашиб қолди.
Хусусан, ҳокимлик Telegram-каналида 4 январ куни муносабат эълон қилинганди. Унда ҳолат ҳокимлик томонидан атрофлича ўрганилгани, “Maroqand Gold Oil Ekstraksiya” МЧЖ олиб кетаётган чигит маҳсулоти бўйича QR-кодга эга ҳисобварақ-фактура бўлмагани ва тақдим этилган ҳужжатларда шубҳа туғилгани сабабли қонуний равишда вақтинча сақловга олингани баён қилинган. Шунингдек, тадбиркорлар электрон имзо билан тасдиқланмаган электрон ҳисобварақ-фактурасининг қоғоз нусхасини тақдим этмагани айтилган.
Мантиқни қаранг, ўзи электрон ҳисобварақ бўлса-ю, унинг яна қоғоз нусхаси тақдим қилинса!
Амалдаги қоидаларга кўра, электрон ҳисобварақ-фактурани сотиб олувчи шу заҳоти тасдиқлаши шарт эмас. Бунинг учун 10 кун муддат берилган. Сотиб олувчи ҳатто фактурани тасдиқламасликка ҳам ҳақли. 10 кун ичида тасдиқламаса ёки рад этмаса, электрон ҳисобварақ-фактура автоматик равишда тасдиқланган ҳисобланади.
Демак, тадбиркорларнинг юки камида эртаси куни ёки ҳокимлик ҳолатни ўрганиб чиққан заҳоти қўйиб юборилиши керак эди. Чунки бугунга келиб ушбу олди-сотди ноқонуний бўлмагани, ҳужжатлар ҳам мавжудлигига ҳеч қандай шубҳа қолмади.
Энди Қашқадарё вилояти ҳокимлиги вазиятни 180 даражага ўзгартирмоқчи бўляпти. Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати бизга “Oq Saroy Klaster” МЧЖнинг хатини тақдим этди. Бу хатда жамият техник чигит ўрнига 2022 йил ҳосили учун экилиши режалаштирилган уруғлик чигитини юклаб юборгани қайд этилган.
“Оқсарой кластер” МЧЖ томонидан ушбу хатоликка йўл қўйган масъул ходимларга нисбатан интизомий жазо чоралари кўрилган ҳолда, келиб чиққан камчиликларни бартараф этиш мақсадида чигит юкланган юк машиналарини “Умакай” мунтазам йўл патрул масканида маълум муддатга тўхтатиб туриш тўғрисида хабар қилинди.








