14:50 / 06.01.2022
18057

Қозоғистонга КХШТ тинчликпарвар кучлари етиб келди

КХШТ коллектив кучларининг асосий вазифаси давлат ва ҳарбий объектларни қўриқлаш, вазиятни барқарорлаштиришда кўмаклашишдан иборат бўлади.

Фото: ТАСС

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) тинчликпарвар кучлари Қозоғистонга етиб келди, улар ўз вазифаларини бажаришга киришди. Бу ҳақда КХШТ котибиятига таяниб, ТАСС хабар берди.

Маълум қилинишича, тинчликпарвар кучлар таркибига Россия, Беларусь, Арманистон, Тожикистон ва Қирғизистон қуролли кучлари бўлинмалари киритилган.

"КХШТ коллектив кучларининг асосий вазифаси давлат ва ҳарбий объектларни қўриқлаш, Қозоғистон Республикаси ҳуқуқ-тартибот кучларига вазиятни барқарорлаштиришда кўмаклашишдан иборат бўлади”, - дея таъкидланган КХШТ котибияти томонидан.

Қайд этилишича, Қозоғистонга жўнатилган тинчликпарвар кучлар таркибидан Россия ҳаво-десант қўшинлари ўрин олган.

5 январь куни Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистондаги тартибсизликларга сабабчи бўлган террорчи тўдалар “моҳиятан халқаро бўлиб, улар хорижда жиддий тайёргарликдан ўтгани, уларнинг Қозоғистонга ҳужумини эса тажовузкорлик ҳаракати сифатида кўриш мумкин ва керак”лигини айтганди.

КХШТнинг расмий ҳужжатларига кўра, “агар иштирокчи давлатлардан бири тажовузга (хавфсизлик, барқарорлик, ҳудудий яхлитлик ва суверенитетга таҳдид солувчи қуролли ҳужум) учраса, бу ушбу шартноманинг барча иштирокчи давлатлари томонидан тажовуз (хавфсизлик, барқарорлик, ҳудудий яхлитлик ва суверенитетга таҳдид соладиган қуролли ҳужум) сифатида баҳоланади”.

Мавзу
Қозоғистонда газ намойишлари
2 январь куни Қозоғистоннинг Манғистау областида суюлтирилган газ нархи икки бараварга кўтарилганидан норози бўлган қозоғистонликлар оммавий митингга чиқишди ва кейинги кунларда намойишлар бутун мамлакат бўйлаб ёйилди.
Барчаси
Top