Жамият | 11:18 / 06.01.2022
2726
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда фуқароларнинг қорамолларини олиб кетиб пулини бермаган қассобга жиноят иши қўзғатилди

Фото: ИИБ ахборот хизмати

Сурхондарё вилояти Узун туманида фуқароларнинг чорва молларини олиб кетиб пулини бермаган қассобга жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда вилоят ИИБ хабар бермоқда.

2021 йил 15 декабрь куни туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмасининг хабарига кўра, 2021 йил 27 сентябрь куни Узун тумани Баҳористон маҳалласида яшовчи Х.Элмурод туманнинг Қарашик маҳалласида яшовчи С.Ғуломнинг нархи 12 миллион 260 минг сўмлик 1 бош қорамолини сўйиб, гўштини сотиб беришини айтиб, ушбу гўштнинг пулларини бермасдан ўзининг эҳтиёжларига ишлатиб юборгани аниқланган.

Бундан ташқари, Х.Элмурод 2021 йил сентябр ойида фуқаро Ж.Нормуроднинг 65 миллион 775 минг сўмлик 5 бош қорамолини, С.Санжарнинг 59 миллион 261 минг сўмлик 6 бош қорамолини ва Л.Латифнинг 15 миллион 978 минг сўмлик 2 бош қорамолини сўйиб гўштини сотиб беришини айтиб олиб кетган ва пулларини бермасдан ўзининг эҳтиёжларига ишлатиб юборган.

Қайд этилишича, 2021 йил 15 декабрь куни Х.Элмуродга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Мавзуга оид