2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” лойиҳасига кўра, катта илмий ва амалий тажрибага эга бўлган хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар иштирокида чет элда Ватандошлар илмий ва амалий анжумани ўтказиб борилади.
 
Хориждаги ватандошлар ва улар томонидан тузилган жамоат бирлашмаларини қўллаб-қувватлаш ҳам мўлжалланган. Мамлакатнинг илмий, маданий ва маънавий меросини кенг тарғиб қилиш ва оммалаштириш, ватандошларга маданий-маърифий тадбирларни ташкил этишда кўмаклашиш кўзланмоқда.

Бундан ташқари, хориждаги ватандошлар ва улар томонидан тузилган жамоат бирлашмалари билан алоқалар ўрнатилади ва ҳамкорлик йўлга қўйилади.

Хорижий давлатларда ватандошлар иштирокида Ўзбекистон Республикасининг халқаро майдондаги имижини оширишга қаратилган тадбирлар ташкил этилади ва ўтказилади.

Хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳамкорлик ўрнатиш ва уни олиб бориш соҳасида дуч келаётган муаммоларни тизимли асосда таҳлил қилиб бориш ва уларнинг ечими юзасидан аниқ таклифлар ишлаб чиқиш ҳам режалаштирилган.

Бунда, хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан доимий мулоқотлар ўрнатиш ва улар дуч келаётган муаммоларни таҳлил қилиш ва тегишли вазирлик ҳамда идоралар билан ўрганиш, ўрганишлар натижасида ватандошлар билан ишлаш бўйича тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасини мутасадди вазирлик ва идоралар билан келишиш, келишилган ҳужжатларни ўрнатилган тартибда қабул қилиш назарда тутилади.