Трансформация

Маҳаллага давлат томонидан эътибор кучайиб бораётган бир пайтда тизим ҳақида, унда маош олиб ишлаётган ходимлар фаолияти хусусида билдирилаётган салбий фикрларнинг сабаби нимада? Нега айрим чиқишларда ўта кескин, ҳатто нолойиқ сўзлар ишлатилмоқда?

Тизимни ислоҳ этиш йўлидаги ҳаракатлар, охирги икки йил давомида амалга оширилган ишлар ва шу кунлардаги ўзгаришлар айнан маҳаллани фуқароларга янада яқинлаштиришга, ҳар бир оиланинг дардига дармон бўлишига имкон яратишга, унинг жозибадорлигини оширишга қаратилган эмасми?

Кўп асрлик тарихга эга ҳамда ўзаро ишонч, ижтимоий мулоқот ва биргаликдаги масъулиятга асосланган маҳалладошлик, биродарлик туйғулари ҳукмрон бўлган маҳалла тизими кейинги йиллар давомида шаклан ва мазмунан ўзгарди.

Айниқса, 2020 йилнинг 18 февралида давлатимиз раҳбарининг «Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ва унга мувофиқ Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги қарорининг эълон қилиниши муносабати билан бундай ўзгаришлар янада чуқурлашди.

Энди маҳалла раисининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ҳамда ободонлаштириш, томорқа ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосарлари лавозими жорий этилди. Профилактика инспектори ҳам раисга ўринбосар, деб эълон қилинди.

Маҳалла фуқаролар йиғини зиммасидаги вазифалар кескин ошди. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш туман (шаҳар) бўлими ва тегишли сектор юборадиган топшириқлар, турли йиғилишлар ҳам кўпайди. Ёзув-чизув ва ҳар хил кўринишдаги ишлар ошиб-тошиб кетганлигига қарамасдан, масъул котиб штати тугатилди. Шундай шароитда қандай йўл тутилди? Деярли ҳамма масъул котиблар маҳалла раисининг ободонлаштириш, томорқа ва тадбиркорлик (ОТТ) масалалари бўйича ўринбосари лавозимига ўтказилди.

Айрим мутасаддиларнинг ОТТ масалалари бўйича раис ўринбосарлари ўз вазифаларини уддалай олмаганлиги туфайли янги — ҳоким ёрдамчиси лавозими жорий этилганлиги ҳақидаги гапларини ҳазм қилиш оғир. Чунки бу ўринбосарлар маҳаллада ҳар хил ҳужжат-у жадваллар тайёрлаш ва юқори ташкилотларга юбориш ва шахсан олиб бориб топшириш билан шуғулланди. Яъни улар аввалгидек котиблик вазифасини бажариб келди. Шу сабабли уларнинг ободонлаштириш, томорқа ва тадбиркорлик масалалари билан шуғулланишга вақти ҳам, имкони ҳам бўлмади.