Жамият | 18:01 / 11.01.2022
3373
2 дақиқада ўқилади

Сирдарёда холаси ва унинг ўғлини ўлдирган шахс узоқ муддатга қамалди

Сирдарё вилояти Боёвут туманида холаси ва унинг ўғлини ўлдирган шахсга ҳукм ўқилган. Бу ҳақда Олий суд хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2021 йил 31 майдан 1 июнга ўтар кечаси холасининг уйида яшаб юрган Х.И. ўткир тиғли қуроллар билан ҳовлидаги сўрида ухлаб ётган холаваччасини аввал бўғган. Кейин унинг бошига болға билан уриб, пичоқ санчган.

Сўнг ичкарида ухлаб ётган холасининг бошига болға билан уради ва унга ҳам пичоқ санчади. Оқибатда уларнинг иккаласи ҳам оғир тан жароҳатлари олиб, вафот этишган.

Х.И. ўз жиноятини яшириш учун мурдаларни молхонага олиб бориб, кўрпа-тўшаклар билан ўраган ва ёқиб юборган.

Дастлабки суриштирувларда, Х.И. холаси ва унинг ўғлини улар яшаб турган уйга эга чиқиш учун ўлдиргани аниқланган.

Боёвут туманида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида судья Х.И.ни Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «а», «в» ва «и» бандларида кўзда тутилган жиноятларни содир этган деб топган. Унга 23 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Мавзуга оид