29 декабр куни халқ депутатлари Боёвут тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида ташкилий масала кўрилди.
Шу кунга қадар туман ҳокими вазифасида фаолият олиб борган Дилфуза Жумановна Уралова бошқа ишга ўтиши муносабати билан Боёвут тумани ҳокими вазифасидан озод этилди.
Сессияда яна бир ташкилий масала кўрилиб, депутатлар Ниёз Намозбоевич Ҳазратқуловни Боёвут тумани ҳокими лавозимига тасдиқлашган.
Ниёз Ҳазратқулов 1983 йилда Сирдарё туманида таваллуд топган. Ушбу тайинловга қадар Ширин шаҳри ҳокими лавозимида фаолият олиб борган.
Маълумот учун, Дилфуза Уралованинг асли касби ўқитувчи бўлиб, 2017 йилдан Сирдарё вилояти ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимида ишлаган, 2020 йил 18 феврал куни Боёвут тумани ҳокими лавозимига тайинланганди. У ўшанда республикадаги илк аёл ҳокимга айланганди.
2024 йил ноябрида ижтимоий тармоқларда Дилфуза Уралова фермерни ҳақоратлаб, ИИБ ходимларига уни қамаб қўйишни буюргани акс этган аудио тарқалганди. Ўшанда унга нисбатан интизомий жазо чораларини кўриш учун вилоят ҳокимига тақдимнома киритилганди.
Унинг кейинги фаолияти ҳақида ҳозирча маълумот берилмади.









