Россия делегациясига ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков ҳамда мудофаа вазири ўринбосари Александр Фомин етакчилик қилди. Америкалик дипломатларга эса Давлат котибининг биринчи ўринбосари Уэнди Шерман ҳамда Давлат котибининг қуролланишни назорат қилиш бўйича ўринбосари Бонни Женкинс бош бўлди.

Россия томони ушбу учрашувни музокара деб атаб, у дангал ўтганини таъкидлаган бўлса, Америка дипломатияси буни «томонларнинг нуқтайи назарларини билиб олишга имкон берувчи мулоқот» деб атади. Ўз навбатида, Сергей Рябков Россия талаб қилаётган шартлар бажарилиши имконсиз эмаслиги ва мулоқот «умидбахш» тарзда ўтганини таъкидлади.

Россия ҳамон НАТО кенгаймаслиги бўйича шошилинч кафолат истамоқда

Россия делегацияси раҳбари Сергей Рябков мамлакат ҳамон НАТО кенгаймаслиги, Украина ҳеч қачон унга киритилмаслиги бўйича кафолат талаб қилаётганини такрорлади.

«Биз учун Украина ҳеч қачон НАТОга кирмаслиги бўйича кафолат берилиши талабининг қаноатлантирилиши шарт эканини таъкидламоқчиман. НАТОнинг Мадридда ўтажак навбатдаги саммитида 2008 йил Бухарестдаги саммитда қабул қилинган формуласи қуйидагича ўзгартирилишини хоҳлаймиз: «Украина ва Грузия ҳеч қачон НАТО аъзосига айланмайди». Бу Россия миллий хавфсизлиги масаласи.

Биз қуруқ гапдан иборат мулоқотлардан чарчадик. Ёпиқ эшиклар остида ўтадиган музокараларда кўп учрайдиган ярим ваъда ва нотўғри талқин қилинадиган сўзлардан ҳам. Биз бошқа тарафларга ишонмаймиз. Бизга қуруқ ваъда эмас, айнан кафолат керак: «мажбур», «шарт», «НАТО аъзосига айланмайди» сўзлари битилган кафолат», деди Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари.

АҚШ дипломатлари раҳбари бўлган Уэнди Шерман эса қисқа қилиб, бу талаб қаноатлантирилмаслигини маълум қилди.

«Биз ҳеч кимга бирор давлат учун НАТО эшикларини ёпишга йўл қўймаймиз. Биз иттифоқчиларимиз ва ҳамкорларимиз билан икки томонлама мулоқотни давом эттириш тарафдоримиз», деди америкалик дипломат.

© EPA-EFE/DENIS BALIBOUSE/POOL

Украинага бостириб кириш масаласи

АҚШ томони мулоқотдан кейин ўтказилган брифингда Россиянинг Украинага бостириб кириш масаласини ҳам кўтарди. Рус делегацияси раҳбари Россиянинг бундай мақсади йўқлигини айтди.