Россия ва Ғарб давлатлари ўртасидаги хавфсизлик масаласида учта учрашув ўтказилиши белгиланганди ва Брюсселда уларнинг иккинчиси ўтди. 10 январ куни Женевада АҚШ ва Россия ўртасида музокаралар ўтказилганди, бугун, 13 январ куни ЕХҲТ доирасида Венада учинчи учрашув бўлиб ўтди.

Брюсселда Россия делегациясига ташқи ишлар вазири ўринбосари Александр Гришко ҳамда мудофаа вазири ўринбосари Александр Фомин раҳбарлик қилди. АҚШ делегациясига эса Женевада бўлгани каби давлат котибининг биринчи ўринбосари Уэнди Шерман бош бўлиб, унга кўплаб юқори мансабли дипломатлар ҳамроҳлик қилди. Йиғилишни НАТО бош котиби Йенс Столтенберг бошқарди.

Йиғилишда кўп гап айтилди, лекин асосий бўладиган гап НАТО бош котиби Йенс Столтенберг тилидан чиқди. «Биз Украина альянсга кирмаслиги бўйича кафолат бермаймиз», деди бош котиб Россия талабларига жавобан.

Москва иддао қилаётган асосий талаб – айнан Украина ва Грузиянинг НАТО кирмаслиги бўйича юридик кафолат ҳисобланади.

Йиғииш якуни бўйича НАТО бош котиби брифингда иштирок этди. Кейинроқ Россия ТИВ баёноти ҳам эълон қилинди.

Столтенберг нима деди?

«НАТО сафига кирувчи иттифоқчилар ва Россия ўртасида фикрий қарама-қаршилик мавжуд. Буни бартараф этиш осон бўлмайди, лекин мулоқотга киришиш шарт. Биз давлатларнинг альянсга аъзо бўлиши масаласида фундаментал принципларимизда собит қолган ҳолда компромиссга бормоқчи эмасмиз. Ҳамма альянсга кириш-кирмаслигини ўзи ҳал қилади», деди НАТО бош котиби.

Столтенберг Россияга қарши кескин фикрлар ҳам билдирди.

«Россия аскарлари Грузия, Украина, Қрим ва Молдовада бу давлатларнинг розилигисиз бўлиб турибди. Россия Европа давлатларида кимёвий қуролдан фойдаланяпти ва мамлакат ичкарисидаги демократик мухолифатни бўғмоқда», деди у.

Альянс бош котиби Европада янги қуролли низо эҳтимоли борлиги ҳақида гапирди.

«Европада янги қуролли тўқнашув хавфи пайдо бўлган. Айнан шу хавфни бартараф этиш учун тўпланганмиз. Россия билан ядро сиёсати, ракеталарни биргаликда чеклаш каби мавзуларда муҳокамалар тарафдоримиз. Россияга улар куч ишлатса, иқтисодий ва сиёсий босимга учраши бўйича сигнал юборганмиз. Биз ўз иттифоқчиларимизни ҳимоя қиламиз», деди Столтенберг.

«Россия – агрессор»

НАТО бош котиби Россия Украина ёки бошқа бирор давлатнинг альянсга киришига вето (чеклов) қўйишга ҳақли эмаслигини эслатди.