Отабек Бакиров, иқтисодчи:

Солиқ қонунчилиги ва маъмурчилигидаги ўзгаришлар бўйича эътирозларнинг энг асосий илдизи Солиқ органлари ва бизнес ҳамжамияти ўртасида диалог йўқлигининг натижаси. Биз ҳозирча ҳар икки томондан ҳам фақат монологларни эшитяпмиз.

Афсуски, муаммолар, мен айниқса, мулк солиғини назарда тутяпман, парламент муҳокамалари вақтидаёқ бартараф этилиши керак эди. Агар амалдаги парламент Ўзбекистон жамиятини, унинг бизнес ҳамжамиятини ҳам ифода этганида.

Муаммолар, ҳаттоки вилоят ва туман кенгашларида, маҳаллий бюджетларни тасдиқлаш жараёнида ҳам ечилса бўларди. Мулк солиғи бўйича камайтирувчи коэффициентлар қўлланмаганидан кўряпмизки, маҳаллий кенгашлар ҳам тадбиркорлар манфаатларини ифодаламас экан.

Солиқ маъмурчилигини рақамлаштириш ва бизнесни соядан чиқариш ниятлари эзгу, лекин амалда қўлланаётган тадбирлар, агар бизнеснинг ҳам ютуғига хизмат қилиши таъминланмаса, тескари натижалар беради. Бунинг ҳаммаси оқибатда чўнтагимизда акс этади.

Маъмурчилик ва қоидалардаги ўзгаришлар, токи бу ўзгаришлар тўлиқ кучга киргунча ва хатолар бартараф этилмагунча, бизнесни жазолаш воситасига айланмаслиги керак. Ҳар бир ўзгариш кўникиш ва бизнес йўриқларини ўзгартиришга имкон берадиган камида уч ойлик ўтиш даври қоидаларини инобатга олиши лозим.

 

Юлий Юсупов, иқтисодчи:  

Сўнгги 1,5-2 йил давомида солиқ қўмитасининг ваколат ва имкониятлари тадбиркорлик субектларининг ҳуқуқ ва эркинликларига зарар етказадиган даражада ошгани кузатилмоқда. Бу қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш орқали ҳам, қўмита томонидан ушбу ваколатларни кескин тортиб олиш орқали ҳам содир бўлади.

Қўмита ўз хатти-ҳаракатларини бизнесни соядан чиқариш, «қочувчилар»ни солиқ тўлашга мажбурлаш, ҳамма учун ягона тартиб ўрнатиш зарурлиги билан оқлайди. Мақсад тўғри. Аммо бу унга эришиш учун ҳеч қандай воситани оқламайди. Ва баъзи воситалар нафақат мумкин бўлган фойдаларни йўққа чиқаради, балки охир-оқибат мақсадга қарши ишлайди.

Иккита мисол. Биринчиси, ҚҚС тўловчи сифатида рўйхатдан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳномани беришни рад этиш ёки тугатиш, бу солиқни тўлаш билан боғлиқ бўлмаган баъзи бир кичик қоидабузарликлар билан боғлиқ бўлиши мумкин. Ҳуқуқбузарликларни жазолашнинг бошқа усуллари ҳам бор, кўпроқ тасодифий хатолар учун. Жазо сифатида ҚҚС тўловчи сифатида рўйхатдан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳномани қайтариб олиш ёки бермасликдан фойдаланиш ўта муваффақиятсиз ва зарарли усулдир.