Жамият | 10:33 / 23.01.2022
2662
2 дақиқада ўқилади

“Лазги” ҳужжатли филми қатор халқаро кинотанловлар ғолиби бўлди

Режиссёр Ихтиёр Бахтиёров томонидан тасвирга олинган “Лазги” ҳужжатли филми қатор халқаро тадбирларда нуфузли мукофотларга муносиб кўрилди.

Жумладан, Хоразмнинг лазги рақси тарихига бағишланган асар Москва шаҳрида ҳар ойда бўлиб ўтадиган “Art Stream” кинофестивалида “Рақс ҳақидаги энг яхши қисқа метражли ҳужжатли филм” совринини, Лондонда ўтказиладиган “Fifflondon” филмлар танловида “Томошабинлар танловига кўра энг яхши филм” совринини, “Blackboard” халқаро кинофестивалида “Рақс ҳақидаги энг яхши ҳужжатли филм” совринини қўлга киритиб, Ҳиндистоннинг “Lift-Off Season Awards” фестивалида энг яхши филмлардан бири сифатида тан олинди.

Бундан ташқари, “Orange Film Academy”, Триссурдаги халқаро кинофестивал, Медиатадқиқотлар маркази, Сент-Томас коллежи ва Ҳиндистон халқаро фолклор киноси томонидан ташкил этилган “IFFT” (International Film Festival of Thrissour) тақдимотида “Рақс ҳақидаги энг яхши ҳужжатли филм” деб эътироф этилди.

“Бу филмни ишлаш жараёнида лазги рақсининг йўқолиб бораётган турларини сақлаб қолиш, уни дунёга намойиш этиш ва шу орқали маданий меросимизга хорижликларнинг эътиборини қаратишни мақсад қилгандим”, - деди филм режиссёри Ихтиёр Бахтиёров.

Мавзуга оид