Коронавируснинг “омикрон” штамми дунёни шиддат билан эгаллаб бормоқда. Гарчи енгил кечса-да, унинг юқувчанлиги олдинги штаммларга нисбатан анча юқори ва у айнан кўпчиликни зарарлаши билан хавфли.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ходими, тиббиёт фанлари доктори, вирусолог Дилдора Секлер билан суҳбатимиз коронавирус мана шу штаммининг ўзига хос жиҳатлари ҳақида бўлди.

— Омикрон билан касалланишнинг ўзига хос хусусиятлари қандай?

— Омикрон коронавируснинг бир штамми бўлиб, у ўткир респиратор касалликларнинг белгиларига жуда ҳам ўхшашдир. Бунда беморларда бурун битиши, йўтал, иситма, томоқ оғриғи, эт увишиши каби белгилар кузатилиши мумкин. Бу белгилар бошқа касалликларда ҳам кузатилади. Ҳатто коронавирус касаллигида кузатиладиган ҳид билмаслик ҳам бошқа касалликларда ҳам учраши мумкин.

— Грипп ва “омикрон” бир-биридан қандай фарқланади?

— Бу икки касалликни бир-биридан фақатгина лаборатор тест ёрдамида фарқлаш мумкин. Сабаби бу икки касаллик белгилари жуда ўхшаш ва ҳатто айнан бир хил. Қачонки ана шу икки касаллик бир вақтнинг ўзида беморни зарарласа, унинг клиник кечиши оғирроқ ва даволаниш муддати чўзилиши мумкин. Бундай ҳолатлар тиббиёт тарихида кузатилган

— “Омикрон” енгил ўтса, асоратлар кузатилмайдими?

— Коронавирус – янги касаллик. Шу сабабли унинг устида олиб борилаётган тадқиқотлар ҳамон давом этмоқда. Касалликнинг енгил кечиши, беморда асоратлар қолдирмаслиги мумкин. Аммо бу барча беморларда бир хилда кечмайди. Бу беморнинг ҳолатига боғлиқ. Агар унинг ёндош касалликлари бор бўлса, асоратлар кузатилиши мумкин?

— Омикрон болаларда қандай кечади?

— Коронавируснинг дастлабки турлари ҳам, одатда, кекса ва сурункали касалликлари бор инсонларда оғирроқ кечган бўлса, болаларда нисбатан енгил ўтган эди. “Омикрон” ҳам худди шундай ва ҳатто ундан ҳам енгилроқ ўтмоқда десак муболаға бўлмайди. Лекин бу ҳам барча болаларда бир хил кечмайди.

— “Омикрон” қандай даволанади?

— Касалликни даволаш бемор ҳолати ва касаллик даражасига қараб белгиланади. Агар енгил даража кечаётган бўлса, умуман дори воситалари қабул қилиш шарт эмас. Ёки қандай белги кузатилса, шу симптомни бартараф этувчи дори воситаси қўлланилади. Иситма чиқса, иситма туширувчи, йўтал кузатилса, йўталга қарши дорилар шифокор тавсиясига кўра буюрилади.