25 январь куни Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистонда электр таъминотида катта миқёсдаги узилишлар содир бўлди. Айни вақтда уч давлат ҳам ҳодисанинг келиб чиқиш сабабларини ўрганмоқда.

Блэкаутга Марказий Осиё ягона энергетика тизимидаги авария сабабчи экани айтилган.

Марказий Осиё ягона энергетика тизими нима, у нимага «энергоҳалқа» деб аталади ва у нима учун керак? Энергетика вазирлиги «Энергия» мувофиқлаштириш диспетчерлик маркази директори Х.А.Шамсиев ва «ЎзМЭТ» АЖ билан ҳамкорликда шу саволларга жавоб берди.

— Марказий Осиё электр энергетика ягона тизими нима? У нима учун «энергоҳалқа» деб аталади?

— Аввало номини тўғри айтишдан бошлайлик... Аниқроғи, бизнинг энергетика бирлашмамиз «Ўрта Осиё ва Қозоғистон жанубининг ягона энергия тизими» деб аталарди. Ҳозирда Марказий Осиё ва Жанубий Қозоғистон ягона энергия тизими деб шартли равишда атамоқдамиз.

Умуман олганда, бундай энергетика тизими фақат бизда эмас, дунё мамлакатларида ҳам кўпгина. Илгари совет иттифоқида бир нечта бундай тизимлар мавжуд эди ва уларнинг ҳар бирининг ўз бирлашган энергетик диспетчерлик марказлари бор эди. Собиқ иттифоқнинг Марказий диспетчерлик идораси (МДИ — ЦДУ) Москвада жойлашганди. Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, ўша даврда Ўрта Осиё ва Жанубий Қозоғистон Бирлашган ягона энергия тизими советлар давлатининг бошқа ҳудудлари ягона энергетика тизимидан ажратилган ҳолда ишлаган. Маркази Тошкент шаҳрида жойлашган диспетчерлик назоратидан электр таъминоти умумтизимининг кўрсаткичлари: частота ва бошқа режим параметрлари мустақил тартибга солинган.

Электр таъминоти тизимининг ўзаро яхлитлиги (конфигурацияси) 1970-йилларда, тўртта республика ҳудудидан ўтувчи 500 кВ кучланишли линиялар битта ҳалқага бирлаштирилганда шаклланган эди. Шу ўринда нима учун деган савол туғилади. Албатта, бу параллел равишда, яъни ўзаро ҳамкорликда ишлаш — барча иштирокчиларининг электр таъминотидаги ишончлилигини сезиларли даражада ошириш имконини беради. Ҳатто мутахассис бўлмаганлар ҳам «ҳалқада ишлаш тизими» — ушбу ҳалқанинг бирор бўғини ўчирилган бўлса ҳам унинг барқарорлигини сақлашга имкон беришини тушунишади. Ёки аксинча, агар энергия тизимининг қисмларини боғлайдиган йирик тармоқ ўчирилган бўлса, уларнинг параллел ишлаши бузилиши ҳам мумкин. Бундай вазиятда электр ишлаб чиқарувчи биринчи манбалар — электр станцияларнинг барқарорлиги сақлаб қолинади.

Ҳозирги вақтда ушбу «ҳалқа»да қўшимча ички ҳалқалар пайдо бўлган, шунга қарамай, Марказий Осиё ва Жанубий Қозоғистон ягона энергия ҳалқаси тушунчаси Марказий Осиё энергетика тизимларининг ўзаро боғлиқлиги ва ўзаро боғлиқлигининг рамзи сифатида сақланиб қолган. Демакки, матбуотда у ёки бу энергия тизими «ҳалқани тарк этгани» ҳақида ёзаётган бўлса, билингки, бу фикр мутахассиснинг фикри эмас ёки у мутахассис етарли билим-салоҳиятга эга эмас. Ҳозиргача 500 кВ кучланишли тармоқлар ҳалқасига эга бўлган энергия тизимларининг ҳеч бири ҳамкорликдаги параллел ишлаш режимини тарк этгани йўқ.