Жамият | 17:09 / 30.01.2022
29238
2 дақиқада ўқилади

Тошкент ҳайвонот боғида аёл 3 ёшли қизини айиқ қафасига ташлаб юборгани видеоси пайдо бўлди

Тошкент ҳайвонот боғида аёл кичик қизалоқни айиқ қафасига ташлаб юборгани ҳақида хабар берилганди. Ижтимоий тармоқларда ҳолат акс этган видеолавҳа тарқалди.

Видеода бола эҳтиётсизлик оқибатида эмас, чиндан ҳам қасддан йирқич ҳайвон сақланадиган жойга ташлаб юборилгани, ҳайвонот боғини айланиб юрган одамлар аёлни бу ишдан қайтаришга урингани, аммо улар ёрдамга кеч қолгани кўринади.

Эслатиб ўтамиз, 28 январь куни соат ёш аёл номаълум сабабларга кўра одамларнинг кўз олдида кичкина қизалоқни айиқ қафасига ташлаб юборган.

«Зузу лақабли Кавказ қўнғир айиғи ўз волерида ётиб олиб, қизалоқни металл тўсиқ устидан отиб юборган аёл ҳаракатларини кузатди. Меҳмонларимиз ва ходимларимизнинг уринишларига қарамасдан, аёлни тўхтатиб қолишнинг имкони бўлмади. У болани йиртқичнинг қафасига отиб юборишга эришди. Зузу айиғимиз секингина зовурга тушиб, қизалоқни ҳидлаб кўрди ва ундан узоқлашди», – дейилади хабарда.

Кейинроқ уч ёшли қиз ўз онаси томонидан айиқ қафасига ташлаб юборилгани маълум бўлди. Аёл қўлга олинган.

29 январь куни ССВ йиртқич қафасига ташлаб юборилган қизчанинг аҳволи тўғрисида маълумот берди. Унда айтилишича, 2018 йилда туғилган қизчага дастлаб ҳайвонот боғи ҳамшираси биринчи ёрдам кўрсатган. Шундан сўнг у тез ёрдам машинасида соат 13:30 ларда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб келинган. Қизча шифохонада барча зарур тиббий кўриклардан зудлик билан ўтказилган.

«У енгил шок ҳолатида бўлган, баландликдан йиқилиш оқибатида очиқ бош мия жароҳати ва бош мия чайқалиши кузатилган. Ҳозирда унинг аҳволи яхши, тиббиёт ходимлари назоратида», дейилади хабарда.

Мавзуга оид