Абсурд: UzIMEI балоси яна трендда
Davletov.uz канали муаллифи Қобил Хидиров UzIMEI тизимига эътибор қаратди.
«Дарвоқе, ҳозир қарийб барча мобил алоқа компаниялари E-sim хизматини тақдим этяпти. Яхши хизмат, аммо UzIMEI деган бало бор. Телефонингда сим-карта кетадиган слот IMEI рақами UzIMEI’да рўйхатдан ўтган бўлса-да, сен E-sim IMEI’ни ҳам рўйхатдан ўтказишинг, бунинг учун чет элга чиққан бўлишинг ва 54 минг сўм тўлашинг керак. Энг абсурд талаб бўлса керак. Инсоф беришсин. Бу аслида ўзи хато бўлган тизимнинг кичкина бир хатоси», - деб ёзди блогер.
Kurbanoff унинг фикрларини давом эттирган ҳолда, «E-sim учун пулли IMEI’ни рўйхатдан ўтказиш талаби ҳозирги UzIMEI тизимининг энг мантиқсиз ва аҳмоқона талабларидан бири», дея изоҳ қолдирди.
Давлат ташкилотлари ўзи эплолмаган иш учун халқдан «телефон солиғи»ни олади
UzIMEI тизимининг ашаддий танқидчиси блогер Хушнуд Худойбердиев муҳокамаларга қўшилиб, бу абсурд тизимга ўзи ҳам дуч келганини таъкидлади.
«Кеча davletov.uz UzIMEI тизимида замонавий E-sim (электрон сим-карта)ни рўйхатдан ўтказишдаги муаммолар ҳақида ёзганди.
Бу ҳақда анча аввал мен ҳам бир ёзгандим. Чунки ўзим бу абсурд тизимда шунақа муаммога дуч келганман.
Хориждан олиб келинган телефоним IMEI рақамини хорижга чиқиб келган бир ҳамкасбимнинг номига расмийлаштиришга мажбур бўлдим. У пайтда ҳали Ўзбекистонда E-sim йўқ эди, шу сабабли фақат битта слот учун рўйхатдан ўтдим. Кейин у ҳамкасбим узоқ бир вилоятга ишга ўтиб кетди.
Орадан маълум вақт ўтиб, бизда ҳам E-sim пайдо бўлди. Шундан сўнг ўша ҳамкасбим номига E-sim слоти IMEI рақами учун тўлов қилиб, рўйхатдан ўтказаман десам, буни онлайн амалга оширишнинг имкони йўқ экан. Нима эмиш, қўшимча IMEI’ни рўйхатдан ўтказиш учун ўша одамнинг ўзи шахсан бориши керак экан. Агар E-sim бўлса, унда, албатта, телефонни ҳам олиб бориши керак экан. Менинг вазиятимда телефон Тошкентда, номига расмийлаштирилган одам эса узоқ вилоятда.
















