Президент “Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади.
2022/2023 ўқув йилидан бошлаб таълим муассасаларида ўқувчи ва талабаларнинг мусиқий билим ва кўникмаларини ошириш, уларнинг қалбида миллий маданиятга бўлган муҳаббатни шакллантириш, ёш истеъдодларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлашга қаратилган қуйидаги чора-тадбирлар амалга оширилиши белгиланди:
а) умумий ўрта таълим муассасаларида:
- қарорга иловадаги рўйхатда келтирилган миллий мусиқа чолғуларидан камида биттасида куй ижро этиш маҳорати ўргатилади ҳамда бу ҳақда уларнинг таълим тўғрисидаги ҳужжатига (шаҳодатнома) тегишли қайд киритилади;
- мусиқа фани учун ҳафтасига белгиланган бир ўқув соати ҳамда унга қўшимча равишда ҳар ҳафта миллий мусиқа чолғуларида куй ижро этиш амалий тўгараклари ва факультатив дарслари ўтказилади;
- қарорга иловадаги рўйхатда келтирилган миллий чолғулардан камида биттасида, 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб эса камида учтасида куй ижро этиш маҳоратига эга бўлиш мусиқа фани ўқитувчилари учун мажбурий ҳисобланади;
- мусиқа фани учун ажратилган ўқув соатлари доирасида “Ҳаётимга ҳамроҳдир чолғу” шиори остида чолғу ижрочилиги дарс машғулотлари йўлга қўйилади;
- ноталар тўпламлари ва махсус мусиқий адабиётлар билан таъминлаш умумтаълим мактабларини дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмалар билан таъминлаш тизимига киритилади;
- ўқувчиларнинг дарсдан ташқари вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида уларнинг қизиқишларига кўра миллий мусиқа чолғуларида куй ижро этиш маҳорати, тасвирий ва амалий санъат, ҳунармандчилик йўналишларида амалий тўгараклар ташкил этилади;
- амалий тўгараклар раҳбарларига “Баркамол авлод” болалар мактаблари тўгарак раҳбари учун белгиланган базавий тариф ставкалари қўлланилади;
- амалий тўгаракларни олиб бориш ҳисоби “Электрон кундалик” дастури орқали амалга оширилади ҳамда ҳар чоракда тўгарак иштирокчиларининг ҳисобот концертлари ташкил қилинади;
- мусиқа санъати бўйича профессионал таълим ҳамда олий таълим тўғрисидаги ҳужжатга эга бўлган, камида 3 та миллий мусиқа чолғуларида маҳорат билан куй ижро эта оладиган мутахассисларни асосий иш жойидан бўш вақтида у ердаги меҳнатга ҳақ тўлаш шартларини сақлаб қолган ҳолда ўриндошлик асосида умумий ўрта таълим муассасалари мусиқа фани ўқитувчиси ва мусиқа йўналишидаги тўгарак раҳбари лавозимига тўлиқ ставкада ишга қабул қилишга рухсат берилади;














