Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Киевга келди ва Украина етакчиси Владимир Зеленский билан ушбу мамлакат ҳудудида туркларнинг «Байрактар» русумли зарбдор дронларини ишлаб чиқариш бўйича келишувни имзолади. Бу вақтда НАТО бош котиби Россия Беларусга 30 минг ҳарбий хизматчи ташлаганини айтди, Россия АҚШнинг Европага қўшимча ҳарбий жўнатиш қарорини кескинликнинг кучайтирилиши деб атади. BBC Украина атрофидаги сўнгги хабарларни жамлади.

Зеленскийнинг сўзларига кўра, «Байрактар»лар ишлаб чиқариш бўйича келишув янги иш ўринларини яратади ва «Украинанинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлайди». «Бугун Украинада Baykar Makina компаниясининг учувчисиз учиш қурилмаларини ишлаб чиқаришни сезиларли даражада кенгайтирувчи келишув имзоланди», дея Зеленскийнинг брифингдаги чиқишидан иқтибос келтиради «Украинская правда» нашри.

Украина мудофаа вазири Алексей Резников музокаралардан аввалроқ Украинада «Байрактар»лар ишлаб чиқарувчи завод энди қурилишини маълум қилганди. У Киевда ишлаб чиқариладиган дронлар украинларнинг двигателлари билан жиҳозланиши - учар қурилмалар ҳам украин армиясига, ҳам турк армиясига етказиб берилишини қўшимча қилган.

Зарбдор дронлар
Мутахассислар фикрича, туркларнинг «Байрактар» русумли зарбдор дронлари 2020 йил кузида Тоғли Қорабоғдаги урушда Озарбойжоннинг ғалаба қозонишида муҳим рол ўйнаган ва Украина армиясининг мамлакат шарқидаги Россия томонидан қўлланувчи айирмачилар билан қарама-қаршилигида ҳам кучлар нисбатини ўзгартириши мумкин.

Украина 2021 йил 26 октябрида илк марта Донбассда «Байрактар»дан фойдаланди, ундан учирилган ракета душманнинг гаубицасини яксон этган. Расмий маълумотга кўра, ўша вақтда Украина армиясида шундай дронлардан 12та бўлган ва ҳарбийлар яқин вақт ичида шундай қурилмалардан 20дан ортиғи сотиб олиниши кутилаётганини айтишганди. Декабрь ойида Bloomberg агентлиги ўз манбасига асосланган ҳолда аслида Украина ўнлаб «Байрактар»ларга эгалиги, лекин харидлар ҳақида расман эълон қилмаганини ёзди.

Эрдўған Киевда Туркия Украина ва Россия ўртасидаги зиддиятни ҳал этишда воситачилик қилишга ҳамда ўз ҳудудида ушбу икки мамлакат президентлари учрашувини ташкиллаштиришга тайёрлигини такрорлади. Шу билан бирга, Эрдўған Туркия ҳамон Украинанинг ҳудудий яхлитлиги тикланиши тарафдори эканини қайд этди. Бу мамлакат Қримни Россия ҳудуди сифатида тан олмайди ва Россия томонидан қрим-татарларга қарши қатағонни қоралайди.