Қайд этилишича, 2021 йил 1 апрелдан бошлаб тегишли лицензияга эга тадбиркорлик субъектларига барча тоифадаги автомототранспорт воситаларини (троллейбус ва трамвайдан ташқари) бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни ўтказиш ҳуқуқи берилган.

Бу – 2020 йил 7 декабрда қабул қилинган “Давлат томонидан тартибга солинадиган соҳаларга хусусий секторни жалб этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарорида белгиланган.

Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида 2021 йил 4 майда “Автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномаларини олиш учун имтиҳонларни ўтказиш соҳасига хусусий секторни жалб этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳукумат қарори (272-сон) қабул қилинган.

“Юқоридаги қарорлар асосида ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни ўтказиш ҳуқуқига эга бўлиш учун тадбиркорлик субъектлари зиммасига маълум бир талаблар белгилаб қўйилган. Бунда энг аввало имтиҳонлар инсон омилисиз, тўлиқ автоматлаштирилган ҳолда амалга оширилиши, замонавий автодром мавжудлиги, махсус ҳимояланган дастурий таъминотлар комплексига эгалиги ҳамда имтиҳонлар жараёнида олинган маълумотларга ҳамда имтиҳон натижаларига ўзгартириш киритиш имкониятининг чекланганлиги ва бошқа шу каби талаблар ўрнатилган.

Ушбу талабларга тўлақонли жавоб берадиган имтиҳон тизими учун сармоя киритган исталган тадбиркорлик субъекти лицензия олиш учун ариза топшириши мумкин. Бунда ҳеч бир тадбиркорлик субъектига чеклов ёки тўсиқ йўқлигини маълум қиламиз”, – дейилади департамент ахборотида.

Эслатиб ўтамиз, бугун, 4 феврал куни ҳайдовчиликка номзодлардан имтиҳон олувчи Ўзбекистондаги илк хусусий марказ фаолият бошлади. “Тошкент имтиҳон маркази” пойтахтнинг Янгиҳаёт туманида жойлашган.

“Бу каби марказларда имтиҳонлар тўлиқ инсон омилидан холи тарзда, автоматлаштирилган электрон тизим орқали қабул қилинади. Бу эса ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни топшириши жараёнидаги коррупцион ҳолатларга чек қўяди”, деди марказ тақдимотида қатнашган ички ишлар вазири ўринбосари Бекмурод Абдуллаев.