Марокашлик Райан исмли 5 яшар бола 1 февраль куни 32 метр чуқурликдаги қудуққа тушиб кетгани ортидан кенг кўламли қутқарув операцияси бошланди. Қудуқ тор бўлгани сабабли қутқарувчилар боланинг ёнигача бориш учун параллел туннель қазишди. Унгача эса Райанга сув, овқат ва кислород ниқоби етказиб берилди. Бироқ қутқарувчилар етиб борганида у жон таслим қилди. Қудуққа қулаётган вақтида олган жароҳатлари ҳамда ер остида узоқ вақт қолиб кетгани боланинг ўлимига сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда.

Марокаш шимолида жойлашган Игран қишлоғида Райан исмли бола 1 февраль куни 32 метр чуқурликдаги қудуққа қулаб тушади. Тахминларга кўра, бола ўйнаб юрган вақтида чуқурга тушиб кетган. Райаннинг отаси маҳаллий оммавий ахборот воситаларига ўғлини бир неча соат давомида қидиргани, сўнгра унинг ер остига тушиб кетганини билиб қолгани ҳақида айтган.
Қутқарувчилар дастлаб болани қандай қутқариш мумкинлиги ҳақида бош қотиришди. Чунки чуқурлик тор бўлиб, у ердан катта ёшдаги одамнинг пастга тушиши имконсиз эди.
Содир бўлган воқеа Марокаш қироли Муҳаммад VI’ни ҳам бефарқ қолдирмади. У мутасадди идораларга болани қутқариш учун барча чораларни ишга солиш ҳақида топшириқ бериб, воқеалар ривожини шахсан ўзи узлуксиз кузатиб борди.

1 февраль куни кечки пайтда бошланган қутқарув ишлари кун-у тун давом этди. Дастлабки босқичда оғир техникалар ёрдамидан фойдаланилган бўлса, боланинг ёнигача етиб бориш учун қутқарувчилар 3 метр узунликдаги параллел туннель қазишди. Операциянинг охирги қисмини қўл кучи билан бажаришга тўғри келди.

Мазкур ҳудуддаги тупроқнинг таркиби қутқарув операцияси қийинлашишига сабаб бўлди. Қум ва тош қатламларнинг бир-бири билан ўрин алмашавериши бир неча бор тупроқ ўпирилиши хавфини юзага келтиради. Қолаверса, қўл кучи ёрдамида қазилган туннель йўлидаги кўплаб тошлар чиққани қутқарув ишлари чўзилишига сабаб бўлади.















