Ҳаммага (ҳатто кичик болаларга ҳам) маълумки, Ўзбекистон автомобил бозорида бир неча ўн йиллардан бери сунъий ва изчиллик билан қўллаб-қувватлаб келинаётган монополия бор. Холбуки, у (монополия) яратилаётган пайтида бизга “кейинчалик маҳаллий ишлаб чиқарувчимиз оёққа туриб, рақобат курашида барчани енгади”, деган гапга суянган ҳолда икки йил билан чекланишга ваъда беришган эди.

Лекин, таассуфки, Ўзбекистонда вақтинчалик имтиёзлар деярли доим коррупцион-монопол “якун”ларга айланиб келган, уларни бекор қилиш эса жуда қийин. Афсуски, бизда шундай нохуш анъана бор...

«Тома-тома кўл бўлур» — эрксизликнинг макроиқтисодиётга таъсири ҳақида

Монополия оқибатлари

Амалдаги монополия автомобил заводимизга ўз самарасизлигини қуйидагилар ҳисобидан қоплашга имкон беради:

  • истеъмолчилар ҳисобидан, чунки улар импортнинг юқори қиймати туфайли танлаш имкониятидан маҳрум – битта компания маҳсулотини сотиб олишади (қолган истеъмолчилар эса айнан шу монополист компаниянинг ўзидан импорт маҳсулотни, албатта, оширилган нархларда сотиб олишади);
  • давлат ҳисобидан: автомобилларни импорт қилишда божхона тўловларидан турли хил имтиёзлар ва олинмаган тушумлар (демак, солиқ тўловчиларнинг пуллари ҳисобидан) кўринишида.

Охирги банд ҳақида батафсилроқ тўхталамиз. Агар божхона тўловлари бугунгидек тақиқловчи эмас, балки оқилона бўлганида, автомашиналар импорти анча кўп бўлар, ўз навбатида, бюджетга кўпроқ пул тушган бўлар эди.

Юқоридаги фикрнинг оддий исботи. 2019 йилда қиммат (нархи 40 минг доллардан юқори) автомобиллар учун божхона тўловлари кутилмаганда сезиларли даражада (тахминан 40 фоизгача) қисқартирилган эди. Ўша йилда хориждан 2300 дан ортиқ шундай автомобиллар импорт қилинган эди. Кейинги йили божхона тўловлари яна оширилди (автомобиль нархининг 70-80 фоизигача), импорт эса 550 та автомобилгача камайди. Бюджетга тушумлар неча марта камайганини эса, ҳисоблаш қийин эмас.

Тушунарли бўлиши учун мутлақ кўрсаткичларда ҳисоблаб чиқамиз.

Юқорида айтилган тоифадаги автомобилнинг ўртача нархини 70 минг доллар деб оламиз. Ўз навбатида, 2019 йилда бюджет 2300 авто * $70 000 * 40% = 64,4 млн доллар тушум олган. 2020 йилда эса: 500 авто * $70 000 * 75% = 26,25 млн доллар. Божхона тўловларининг ошишидан келган йўқотишлар 38 млн долларни, ёки 60 фоизни ташкил этган. Ана шундай арифметика…