7 февраль куни жамоатчиликка йиллик ҳисобот берган адлия вазири Русланбек Давлетов диний ташкилотлар, уларнинг баъзи ходимлари фаолияти борасида ўз фикрларини билдирди.

«Имом-домлаларимизни жуда ҳурмат қиламиз. Ҳар хил фикрлар билдириб, у фикрлар жамиятда муҳокамаларга сабаб бўляпти. Биз ҳуқуқий томонига [қараймиз], чунки ҳуқуқшуносмиз. Ахлоқий масалалар бўйича ҳеч қачон чегара йўқ, ахлоқий стандартлар жамиятда турли-туман бўлади.

Ҳуқуқшунослар адашмайдиган виждон ўлчови бу қонун бўлади. Диний ташкилотларнинг айрим вакиллари чиқиб у ишни қилса бундай бўларкан, бу ишни қилса бундай бўларкан, маълум бир вилоятдагилар бундай деган гапларига ҳуқуқ нуқтайи назаридан чидаб туролмаймиз.

Бу мумкин эмас. Биринчидан, бу жамиятимизда бўлинишга олиб келади, иккинчидан, диний ташкилотларнинг бундай ихтилоф қилишга ҳаққи йўқ.

Биласизларми нимага? Асосий сабаб мана ўша айтилаётган инсонлар кимларгадир ҳукм ўқиб… Мана, муфтий ҳазрат қандай тўғри тушунтириб берди, ҳаммада одамларга тамға босиш ҳуқуқи йўқ. У хоҳласа динга ишонади, хоҳламаса ишонмайди. Хоҳламаса, умуман тарки дунё қилиб яшайди. Яъни бу конституцион ҳуқуқи», - дейди Русланбек Давлетов.

Шунингдек, адлия вазири ҳеч ким, ижтимоий мақомидан қатъи назар, фуқароларни қонунда белгиланган ҳуқуқлари ва кафолатини инкор қилолмаслигини билдирди.

«Биз мана шу сигнал билан барча диний ташкилотларга, ҳамма домлаларимизга етказиб қўймоқчимизки, Адлия вазирлиги сифатида бу фаолиятни назорат қиламиз. Бу борада жуда фаол ишлаймиз, тақдимномалар ҳам киритиб…

Чунки жамиятимизни бу борада ҳеч қачон бир жойга олиб келиб бўлмайди, ҳамманинг ўз фикри бўлади, бу бўлинишга олиб келаверади. Шунинг учун қонунларда «ҳамма ўзи ҳал қилади», дейилган.

Мен ахлоқий нуқтайи назардан бир инсон сифатида фикримни айта оламан, лекин биз ҳуқуқшунос сифатида, давлат бошқарув органи сифатида шуни етказиб қўймоқчимиз.

Ҳар бир одам ҳар бир соҳада фундаментал мутахассис бўлолмайди, масалан, мен ҳам ўзимнинг бир-иккита соҳамни биламан. У ҳам бўлса, ҳуқуқ соҳаси ичидаги айрим йўналишларни биламан. Қолганлари бўйича биз ҳам индамай турамиз. Мана шундай ёндашув бўлиши керак.

Мавзуни Дэвид Фримен деган олимнинг фикри билан якунламоқчиман. У «Одамларга дўзахга кириш-кирмаслик танловини ўзларига қўйиб беринглар» деган. Буни жуда катта олимлар бекорга айтмаган, жамият ривожланиши учун жуда катта аҳамиятга эга.