Ўзбекистон | 21:52 / 08.02.2022
45822
5 дақиқада ўқилади

Шуҳрат Абдураҳмоновнинг шахсан ўзи барча устозлардан узр сўраши керак — Алламжонов Марҳаматдаги воқеа ҳақида

Масс-медиа фонди раиси Марҳаматдаги ҳолат учун Андижон вилояти ҳокими узр сўраши кераклигини айтди, Халқ таълими вазирлиги айбдорларга тегишли чора кўрилишини маълум қилди.

Фото: Масс-м ед

Масс-медиа фонди раиси Комил Алламжонов Андижон вилоятининг Марҳамат туманидаги мактабда ўқитувчилар ота-оналардан узр сўрашга мажбур қилингани бўйича муносабат билдириб, узрни вилоят ҳокими сўраши кераклигини айтди.

«Андижонда ўқитувчилар ота-оналар олдида бош эгиб, узр сўрашга мажбурлангани учун вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг шахсан ўзи барча устозлардан узр сўраши керак», дейди Алламжонов телеграмдаги каналида.

Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Лайло Рустамова ҳам ушбу ҳолат юзасидан тезкор муносабат берди.

«Ҳозиргина Kun.uz нашрида Андижон вилоятидаги мактаблардан бирида ўқитувчилар ота-оналар олдида бош эгиб, кечирим сўрагани акс этган хабар эълон қилинди. Йўлда бўлсам ҳам, тезкор муносабатни ёзиб қолдирмоқчиман.

Халқ таълими вазирлиги бу ҳолатни кескин қоралайди. Айни дамда давлат сиёсати даражасида ўқитувчининг обрўси ва шаънини кўтариш масаласи юқори даражада турган вақтда бундай ҳолат юз бергани мутлақо хато.

Бу ғоя ташаббус муаллифи албатта топилиб, унга тегишли чора кўрилишини маълум қиламиз. Айни дамда вазият Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси томонидан ўрганилмоқда», дейди у видеомурожаатида.

Кўп ўтмай Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов ҳам телеграмдаги саҳифаси орқали вазиятга муносабат билдирди ва айбдорлар албатта жавоб бериши кераклигини таъкидлади.

«Бугун Марҳамат туманида юз берган ҳолатни нафақат ўқитувчиларимизнинг шаънини ерга уриш, балки давлатимиз сиёсатига қарши амалга оширилаётган ҳаракат деб баҳолайман.

Ўқитувчи қадрланмаган юрт ҳеч қачон тараққий этмайди. Шу боис, бугун давлатимиз раҳбари ўқитувчиларни улуғлаш ва жамиятда энг обрўли инсон қилиш масаласини давлат сиёсатининг энг юқори даражасига олиб чиқдилар.

Бу ҳаракат қандай мақсадда амалга оширилгани менга қоронғи, лекин айбдорлар албатта жавоб бериши керак. Шу ўринда мен ўқитувчилардан ўз қадр-қимматларини ерга уришга йўл қўймасликларини сўраб қоламан. Сизнинг бу даражада бошингизни ерга қаратишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ!

Ҳозирда Халқ таълими вазирининг ҳуқуқий-назорат хизмати томонидан ишчи гуруҳ ташкил этилиб, ҳолатни ўрганмоқда. Бундай ҳолатларга йўл қўйган «ташаббускорлар»га албатта тегишли чора кўрилади», дея ёзади вазир.

Иқтисодчи Отабек Бакиров ҳолат юзасидан муносабатида таълим «учинчи синф калласи билан қолган саводсиз ҳокимлар ва уларнинг югурдак шотирлари қўлига топширилса» шунақа бўлиши ҳақида ёзди.

«Одам боласи бундай қилмайди, чунки одам боласини ўқитувчи ўқитади ва ўқитувчи қанчалар муқаддас эканини одам боласи жуда яхши билади. Юз берган воқеалар жиноят. Шунга яраша чора кўрилиши керак. Балки хаспўшлаб юборишар. Биринчи марта эмас. Агар ўқитувчига нисбатан бундай ишлар бўлса, демак ҳамма нарса мумкин. Қўрқинчли жуда», дейди у.

Davletovuz блоги муаллифи текширув вилоят ХТБ томонидан эмас, марказ томонидан ўтказилиши кераклигини қайд этди.

«Назаримизда, Андижон вилоятида илгари юз берган бундай инцидентлар сабоғидан хулоса чиқарган ҳолда, барча ўрганишлар фақат ва фақат марказдан бўлиши керак ва барча саволлар вилоятни ўз беклигига айлантириб олиб, доимо сувдан қуруқ чиқадиган вилоят раҳбариятига қўйилиши керак», дейди у.

Марҳаматда нима бўлганди?
Kun.uz сайтига келган мурожаатга кўра, 4 февраль куни Андижон вилояти Марҳамат тумани 72-ИДУМ ўқитувчилари ўқувчиларнинг олийгоҳларга кириш кўрсаткичи пастлиги учун ота-оналар қаршисида кечирим сўрашга мажбур қилинган.

Манба сўзларига кўра, директор бошчилигида саҳнага чиқариб қўйилган ўқитувчилар ҳокимлик вакиллари топшириғига биноан бош эгиб, «биз айбдормиз», деб ота-оналардан кечирим сўрашган.

«Туман ҳокими учун шундай негатив керак экан. Йиғилиш сценарийси муаллифлари — ХТБ мудираси ва ҳоким ёрдамчиси узрбозликка бош-қош бўлди», дейди тадбирда иштирок этган Kun.uz манбаси.

Қайд этилишича, мажлисда қатнашган ота-оналарнинг айримлари бу ҳолатга эътироз билдириб, устозлардан узр сўрашган, аммо шундан кейин ҳам масъулларнинг ҳаракатларида ўзгариш бўлмаган, улар тадбир туси ва риторикасини ўзгартиришга ҳаракат қилишмаган, пўписа қилишда давом этишган.

Мавзуга оид