Ўзбекистон | 10:51 / 09.02.2022
13423
2 дақиқада ўқилади

Боёвут тумани ҳокими Халқ депутатлари туман кенгаши раислигидан воз кечди

Боёвут туман ҳокими Дилфуза Уралова Ўзбекистонда биринчи бўлиб кенгаш раислигини депутатларга топширди.

Фото: Боёвут тумани ҳокимлиги

Эндиликда Боёвут туманида Халқ депутатлари туман кенгашига ҳоким раислик қилмайди. Сирдарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизматининг хабар беришича, Боёвут тумани ҳокими Дилфуза Уралова 2022 йил 7 феврал куни Халқ депутатлари Боёвут тумани кенгашининг навбатдаги сессиясида кенгаш раислигини депутатларга топширишини маълум қилган.

«Яна бир янгиликни айтмоқчиман. Бундан буён кенгаш раҳбари ҳоким бўлмайди. Тажриба тариқасида Боёвут туманида маҳаллий кенгаш раиси депутатлар орасидан сайланади. Бир умрлик орзум шу, энди биринчи сектор раҳбари сифатида кенгаш мажлисида секторлар қаторида пастда ўтириб, нейтрал ҳисобот топшираман, яъни ўзим кенгаш раиси вазифасини амалга оширмайман», – деган у.

Маълумот учун, Ўзбекистонда туман ҳокимларининг Халқ депутатлари туман кенгашларига раислик қилишини тугатиш ҳақида режалар бор. Аммо ушбу иш қачон амалга оширилиши санаси ҳақида аниқ гап йўқ.

Жумладан, 2021 йил 24 феврал куни Сенат раиси Танзила Норбоева Халқ депутатлари, вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига ҳокимларнинг бошчилик қилиши амалиётидан қачон воз кечилиши борасидаги саволга жавоб берганди.

«Худо хоҳласа яқин келажакда бўлади. Йилини аниқ айтолмайман, лекин шунга қараб кетяпмиз. Қандай кетяпмиз? Мана, Халқ депутатлари, вилоят, туман ва шаҳар кенгашларида котибиятлар бекорга ташкил қилинмади-ку.

Шундай амалиётда қолар эканмиз, деган тушунча бўлиши керак эмас. Бунга жамият ҳам тайёр бўлиши керак. Бу жараёнда тўполон, ур-йиқитлар бўлиб кетиши керак эмас.

Биз ҳозир янги Ўзбекистонга ўтиш давридамиз. Бу жараёнда зиддиятлар кучаймоқда. Ислоҳотлар қилишда зиддиятлар кучайяпти. Зиддият кучайса, ҳар хил кучлар бир-бири билан нифоққа боради.

Шунинг учун бу ислоҳотлар секин-секин бўлади. Бу жараён жуда узоққа чўзилади, деб ҳам ўйламайман. Балки кейинги сайловларгача бу тўлиқ охирига етар», – деган эди Сенат раиси.

Мавзуга оид