Ўзбекистон | 11:37 / 15.02.2022
3784
2 дақиқада ўқилади

«Сколково» Ўзбекистонда қўшма таълим экотизимини ишга туширади

Бош вазир ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умрзоқов “Сколково” Москва бошқарув мактаби ректори Ю.Левин билан учрашди.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

Мулоқотда бошқарув кадрларининг касбий тайёргарлигини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш учун Ўзбекистонда қўшма таълим экотизимини яратиш ташаббусига тўхталиб ўтилди.

Ушбу таълим экотизимининг жорий этилиши нафақат давлат тузилмалари кадрларини, балки хусусий бизнеснинг топ-менежерларини тайёрлашга қаратилгани сабабли, томонлар Ўзбекистон таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларини бизнесни бошқариш соҳасида ўқитишда ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболларини ҳам кўриб чиқди.

Маҳаллий бозор шароитларини ҳисобга олган ҳолда лойиҳа кўзлаган мақсадларга эришишни таъминлашни назарда тутиб, гуруҳларда ўқитишнинг фаол усули амалиётидан фойдаланиб Ўзбекистон ишбилармон доиралари вакиллари учун ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича ҳамкорликнинг долзарблиги қайд этилди.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузурида ихтисослаштирилган “Ўқув маркази”ни ташкил этишнинг амалий жиҳатлари кўриб чиқилди. Уни яратишдан мақсад турли даражадаги ходимлар учун ўқув курсларини ташкил этиш, сўнгра уларнинг касбий фаолияти самарадорлигини назорат қилиш билан ташқи савдо ва инвестиция фаолияти бўйича мутахассисларнинг малакасини оширишдир. 

Учрашув якунлари бўйича халқаро иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва ташқи савдо бўйича мутахассисларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум тасдиқланди. Ҳужжат мактаб ректори Ю.Левин ва Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари Ҳ.Тешабаев томонидан имзоланди.

Ҳужжат шартларига кўра, “Сколково” давлат муассасалари, шунингдек, Ўзбекистон давлат ва хусусий компаниялари ходимларининг малакасини ошириш лойиҳаларининг ҳамкори сифатида фаолият юритади. Жойларга чиқиб амалиётларни ўтказиш, махсус ўқув модулларини яратиш ва тажриба алмашиш тадбирларини ташкил қилиш кўзда тутилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид